ЮНЕСКО Бош директори Самарқандга келди

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида иштирок этиш учун ташкилот Бош директори Одри Азуле хоним ва конференция иштирокчилари илк "Париж - Самарқанд" чартер рейси билан бугун тонгда Самарқанд шаҳрига келди.

Юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон ҳукумати ва вилоят ҳокимлиги масъуллари кутиб олди.

2017 йилдан буён ташкилотга раҳбарлик қилган Одри Азуле учун мазкур сессия унинг ЮНЕСКО Бош директори сифатида қатнашган сўнгги сессияси бўлади. Самарқандда ЮНЕСКОнинг янги бош директори расман ишга киришади. Бу вазифага яқинда ташкилот Ижроия қўмитасининг 222-сессиясида ўтказилган сайловда ғолиб чиққан мисрлик 54 ёшли Холид Ал-Ананий тасдиқланади. 

Одри Азуле хоним ташкилотнинг Самарқанд форуми арафасида “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида “Бўлинишлар мулоқотга соя солиши мумкин бўлган даврда мазкур анжуман келажагимиз ўзаро боғлиқ эканини эслатиб туриши керак”, деб таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси сўнгги қирқ йил ичида илк бор Париждан бошқа шаҳарда, 30 октябрь - 13 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтади.