Самарқандда "Сабантўй" кўтаринки руҳда нишонланди
Самарқанд шаҳридаги "Нурафшон" маданият саройида татар ва бошқирд халқларининг анъанавий "Сабантўй" байрами бўлиб ўтди. Мазкур тадбир баҳорги дала ишларининг якунини нишонлаш мақсадида ташкил этилди.
Вилоят ҳокимлиги ҳамда шаҳар маданият бўлими кўмагида, "Умирзая" татар ва бошқирд маданият маркази томонидан ўтказилган байрам кечаси ўзгача шукуҳ билан бошланди. Тадбир дастури жуда бой бўлиб, унда меҳмонлар учун ҳунармандлар ярмаркаси ва миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилди.

Байрамнинг бадиий қисмида татар ва бошқирд халқларининг анъанавий куй-қўшиқлари янгради. Шунингдек, тадбирга келган Турк миллий маданият маркази вакиллари ҳам ўзларининг жозибали миллий қўшиқларини ижро этиб, даврага янада кўтаринкилик улашди.
Иштирокчилар халқ сайли муҳитида бир-бирлари билан дўстона суҳбат қуриб, бой маданиятлар уйғунлигидан баҳраманд бўлишди.
Мазкур байрам турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстлик ҳамда ўзаро ҳурмат ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Бахтиёр Мустанов.