“Самарқанд оши” халқаро гастрономик фестивали бошланди

Миллий таомларимизнинг кенг тарғиб этиш ва вилоятимизда гастрономик туризмни ривожлантириш мақсадида 1–3 август кунлари Самарқанд шаҳрида “Самарқанд оши” халқаро гастрономик фестивали ўтказилмоқда.
Фестиваль дастурига кўра, биринчи кун Самарқанд шаҳридаги Султон Ҳованд Бека мақбараси — Ашратхона мажмуасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган сара ошпазлар иштирокида ош тайёрлаш бўйича мусобақа ўтказилиши белгиланган. Шунга кўра, бу ерда республикамизнинг 14 ҳудудидан моҳир ошпазлар палов тайёрлашдаги маҳоратларини намоён этмоқда. Жараёнда фойдаланилаётган масаллиқлар ва зираворлар ҳакамлар ҳайъати томонидан 100 баллик тизимда баҳолаб борилмоқда.
Фестиваль аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси раиси Толибжон Умаралиев, Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Умаров бугунги кунда вилоятимизда гастрономик туризмни ривожлантириш, айниқса миллий таомларни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида гапириб, иштирокчиларга омад тилади.
“Самарқанд оши” фестивалида маҳаллий ошпазлар билан бирга Озарбайжон, Туркия, Япония, Қатар, Миср, Покистон, Жанубий Корея, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан келган ошпазлар ўз маҳоратини намоён этмоқда. Шу билан бирга, 14 давлатдан 50 нафардан зиёд ОАВ вакиллари Самарқандда бўлиб, ушбу фестивални халқаро ахборот майдонида ёритмоқда.
Фестиваль дастурига кўра, бугун “Палов/ош – Ўзбекистон халқлари миллий ошхонасининг маданий ва гастрономик тимсоли” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди. Тадбирда миллий таомимиз бўлган палов (ош)нинг тарихи, биологик ва энергетик хусусиятлари, бу таом билан боғлиқ қадрият ва анъаналар ҳақида сўз юритилди. Юртимизнинг турли ҳудудларида тайёрланадиган “Фарғона палови”, “Самарқандча палов”, “Тўй оши”, “Бухоро палови”, “Қовурма палов” ва бошқа турлари, уларнинг таркиби ҳамда пишириш усуллари юзасидан мутахассислар томонидан фикрлар билдирилди.
– Мен ўз ҳаётимда илк бор Самарқандда ўзбек паловининг кенг маданий мазмунини ҳис қилдим, - дейди покистонлик ошпаз Амина Басит. – Биз учун гуручли таомлар оддий овқат бўлиши мумкин, лекин бу ерда палов – тарих, маросим, оилавий бирлик ва меҳмондўстлик тимсоли эканини англадим. Мен палов пиширишдаги нозик сирларни ҳам ўрганишга муваффақ бўлдим.
Эртага, фестивалнинг иккинчи куни Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий кўчасида 15 дан ортиқ давлатдан келган дунёга машҳур ошпазлар палов ош ва ўз миллий таомларини тайёрлашади.
3 август куни эса “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказида жойлашган “Боқий шаҳар” мажмуасида фестивалнинг асосий тадбири — 7 тонналик ош тайёрлаш маросими бўлиб ўтади. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида махсус тайёрланган қозонда ош 50 нафар маҳаллий ва 5 нафар хорижий ошпаз иштирокида тайёрланади. Меҳмонлар ош тайёрлаш жараёнини кузатиб, таомдан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўладилар.
Фестиваль доирасида 200 нафардан зиёд ошпаз иштирокида мусобақалар ташкил этилади. 20 турдаги ноёб ош тайёрланиб, ошпазлардан маҳорат дарслари, хорижий мамлакатларнинг ошлари ва миллий таомларини тайёрлаш жараёнлари, ҳунармандчилик ва шарқ ширинликлари кўргазмалари ташкил этилади.