Қотил келин ўн икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди
Аёл кишининг бундай жиноятга қўл уриши, албатта, ҳар қандай кишини ларзага солади. Айниқса, жиноят содир этгандан сўнг бу қилмишини устамонлик билан яширишга уриниши кишида унга нисбатан нафрат уйғотади.
У бу хонадонга келин бўлиб тушганидан бери, яъни 2006 йилдан буён қайнонаси билан бирга истиқомат қилган. Оилада келишмовчиликлар бўлган. Қайнона ҳовлининг ярмини сотиб, уни қизига расмийлаштириб бергач, ўртада ўзаро низолар авж олган. Аммо гувоҳлар фикрига таянадиган бўлсак, қайнона ўғлини ва келинини бу ҳовлидан чиқариб юбориш ниятида бўлмаган. Ўзаро келишмовчилик эса давом этаверган. Шундай кунларнинг бирида қулай фурсатни пойлаб, уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган келин қайнонасига кетма-кет пичоқ санчади. Қизиқ, у пичоқ санчаётганда турмуш ўртоғининг онасига эмас, балки ўз ҳаётига ҳам зомин бўлаётгани, жажжи қоракўзлари, оиласини ҳам пароканда қилаётганини ўйлаганмикан? Назаримда, ўйламаган. Сабаби, қайнонасини ўлдиргандан сўнгги хатти-ҳаракатлари бундай ўйлашга изн бермайди. У гўё моҳир жиноятчидай мурдани плёнкага ўраб, ертўлага туширишга ҳаракат қилади. Янаям даҳшатлиси, бу ишни амалга ошириш учун вояга етмаган, ҳали 12 ёшга ҳам кирмаган ўғилларидан ёрдам сўрайди. Бувисининг мурдасини кўриб, қўрққан болакайлар онасига ёрдам беришдан бош тортади. Онаси эса уларга бу гапни ҳеч кимга айтмасликни тайинлайди. Уйига турмуш ўртоғи кириб келганда ҳам гўё ҳеч нарса бўлмагандай ўзини тутади. Қайнонасини эса узоқроқ қариндошлариникига меҳмондорчиликка кетганини киприк қоқмай айтади. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, келин ертўладаги мурдани бу ердан чиқариб ташлаш кераклиги ҳақида режа тузади. Кўчадаги такси ҳайдовчиларидан бирининг рақамини олиб, уйида таъмирлаш ишлари олиб бораётганини, шунинг учун баъзи нарсаларини қариндошиникига олиб бориши кераклигини айтиб, гилам орасига ўралган мурдани машина юкхонасига жойлаштиради. Сиёб каналига яқин жойда машинани тўхтатиб, нарсаларини тушириб қолади. У ёғига ўғли билан бир амаллаб, мурдани сувга оқизиб юборади. Гўё шу сувда гуноҳларини ҳам оқизиб юборгандай енгил тортади. Аммо бундай мудҳиш жиноят ҳеч қачон изсиз кетмаслигини у англамаган, бир инсон игнадай йўқолиб қолиши мумкин эмаслигини хаёлига келтирмаган эди.
Бу орада турмуш ўртоғи, қайнопаси онасидан хавотир олиб, қариндошларига қўнғироқ қилаётган, онасини шифохоналару бориши мумкин бўлган барча жойдан қидиришга тушганди. Натижа бўлмагач, ички ишлар идораларига мурожаат қилишига тўғри келади. Ички ишлар идоралари ходимлари ўз навбатида уларни сувда топилган жасад билан юзлаштирадилар…
Келиннинг қилмишлари фош бўлди, унга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Икки фарзанднинг онаси, гулдай оиланинг бир бекаси мудҳиш жинояти учун ўн икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Аёл нафақат ўзи, фарзандларининг ҳам ҳаётига соя солди, бир турмушни қулатди, жаҳл, нафрат туфайли ўз оиласи тинчлигига ҳам зомин бўлди.
Ў.МАМАДАЛИЕВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси ўринбосари.