Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

12-14 ёшли қизлар одам папиллома вирусига қарши эмланмоқда

ССВ маълумотига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда ўртача 1700 нафарга яқин аёлда одам папиллома вируси сабабли бачадон бўйни саратони касаллиги аниқланмоқда.

Бунга қарши энг самарали чора эса мазкур хасталикка қарши эмланишдир. Айниқса, ўсмир ёшдаги қизларни режали эмлаш касалланиш ҳолатларининг олдини олишга катта ёрдам беради.

Айни пайтда республикада 12-14 ёшли қизлар ўртасида эмлаш жараёни ўтказилмоқда. Чунки айни шу ёш оралиғида вакцинадан сўнг иммунитет энг кучли шаклланади. Бунинг учун жойларга эҳтиёжга кўра, 1 миллион 400 минг доза ОПВ вакцина ва шприцлари етказиб берилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маълум қилишича, бу вакциналарнинг 270 миллиондан ортиқ дозаси дунёнинг 102 давлатида қўлланилди.

Республикага Нидерландиянинг “Мерк” корхонасида ишлаб чиқарилган 1 миллион 400 минг доза “Гардасил” вакцинаси олиб келинди ва яроқлилиги текширилиб, тасдиқланди.

Вакцинация жараёнлари республикамиздаги 3138 та эмлаш пунктида амалга оширилмоқда.