Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коронавирусга чалинган болалар режали профилактик эмлашларни қачон олади?

Коронавирус инфекциясига чалинган болалар режали профилактик эмлашларни олиши мумкинми ёки йўқ? Бу бугун аксарият ёш оналарни ўйлантираётган муҳим саволлардан бири, десак муболаға бўлмайди.

ССВ матбуот хизмати ушбу савол юзасидан Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази педиатрия кафедраси доценти, тиббиёт фанлари доктори, педиатр-гастроэнтеролог Зулфия АБДУЖАББАРОВАга мурожаат қилди.

— Режали эмлаш ёшидаги (0-16 ойликгача) болалар коронавирус инфекцияси билан касалланган вақтда навбатдаги режали эмлаш тўхтатиб турилади, — дейди З.Абдужаббарова. — Агар уларда касаллик енгил ёки ўрта оғир даражада кечган бўлса, бундай болалар касалликдан тўлиқ тузалганидан сўнг 14 кундан кейин режа асосида профилактик эмлашларни давом эттиришлари мумкин.

Бироқ агар болада “COVID-19” инфекцияси оғир ва ўта оғир даражада кечган бўлса ва касалликдан сўнг тананинг турли аъзоларида асоратлар кузатилса, бундай ҳолларда уларга эмлашни давом эттиришга индивидуал тарзда ёндашиш лозим бўлади. Яъни, бола “COVID-19” инфекциясидан тўлиқ тузалгандан сўнг ҳудудий поликлиникада бир неча тор мутахассислардан иборат махсус иммунологик комиссия тузилади.

Комиссия таркибига бола танасида касалликдан кейинги асоратлардан келиб чиққан ҳолда невропатолог, кардиолог, нефролог ва бошқа тор мутахассислар жалб этилади ва ана шу комиссиянинг хулосаси билан у режали равишда эмланади.