Чала туғилган чақалоқлар энди Каттақўрғонда ҳам соғломлаштириляпти
Яқинда Каттақўрғон шаҳри тиббиёт бирлашмаси қошида туманлараро перинатал марказ фаолият бошлади.
Энди шаҳар ва унга яқин ҳудудларда яшовчи, малакали тиббий хизматга муҳтож ҳомиладор аёллар оғир аҳволда узоқ масофа босиб, вилоят марказига қатнаб овора бўлмайди.
- Мазкур перинатал марказ шаҳримиз ва Нуробод, Нарпай, Иштихон, Каттақўрғон ҳамда Пахтачи туманларига хизмат кўрсатади, - дейди марказ раҳбари Чарос Элмуродова. – Бу ерда асосан чала туғилган чақалоқлар, ўзларида экстрагенетал касалликлари мавжуд беморлар, малакали тиббий хизматга муҳтож аёллар даволаняпти. Уларга малакали мутахассислар замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида хизмат кўрсатилмоқда. Тиббиёт бирлашмамиз бошлиғи, акушер-гинеколог Ҳумоюн Ҳамроев раҳбарлигида фаолият олиб боряпмиз. Турли юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказяпмиз. Вилоят ва республика перинатал марказлари мутахассислари, тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Улар шу ерга келиб ёки телемедицина орқали ёрдам кўрсатишмоқда.
Перинатал марказнинг асосий мақсади чала туғилган чақалоқларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, оналар ва болалар ўлимининг олдини олишга қаратилган. Ушбу марказда бугунги кунда кўплаб чала туғилган, вазни 1 минг 200 граммдан 2 минг 200 граммгача бўлган гўдаклар соғломлаштирилиб, оналарининг қўлларига топширилмоқда. Бунинг учун марказга зарур тиббий ускуналар келтирилган.
- Марказ ташкил этилганидан аҳоли хурсанд, - дейди Ч.Элмуродова. – Сабаби, шу пайтга қадар оғир аҳволда бўлган ҳомиладор аёллар вилоят марказига етиб боргунча бир мунча қийинчиликларни бошидан кечирган.
- Марказга оғир аҳволда келган эдим, - дейди нурободлик Нафосат Қўшбоқова. – Ҳомилам 31 ҳафталик эди. Эгизак чақалоқли бўлдим. Бир ўғил, бир қиз. Улар кам вазнли бўлиб туғилди, аммо шифокорларга раҳмат. Уларнинг беминнат хизматлари туфайли, ҳам фарзандларим, ҳам ўзим бугунги кунда соғломмиз.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, Каттақўрғон шаҳри тиббиёт бирлашмаси тасарруфида вилоят “Она ва бола скрининг маркази” филиали ҳам фаолият олиб боряпти.
Ситора РУСТАМОВА,
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Ҳусан ЭЛТОЕВ.