Каттақўрғонда рақамли тиббиёт имкониятлари кенгайяпти

Каттақўрғон туманида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестициявий лойиҳалар ва кўрсатилаётган хизматлар билан таништириш мақсадида ОАВ ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти ҳақида умумий маълумот берилди.

- Туманимизда 300 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Воҳид Худойқулов. – Уларга тиббиёт бирлашмамизга қарашли марказий шифохона, кўп тармоқли марказий поликлиника, 4 та оилавий поликлиника ва 30 та оилавий шифокорлик пунктлари хизмат кўрсатиб келяпти.

Пресс-тур иштирокчилари марказий шифохонада беморлар ва тиббиёт ходимлари учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. D-MED рақамли тиббий ахборот тизими фаолияти билан танишди.

Шу кунларда тиббиётни рақамлаштириш, электрон поликлиника, D-MED тизими бўйича 993 нафар тиббиёт ходими ўқитилмоқда, - дейди В.Худойқулов. – Шу пайтга қадар 250 нафар ходим ахборот-коммуникация технологиялари йўналиши бўйича махсус сертификатларга эга бўлди. Бугунги кунда аҳоли рўйхати тўлиқ электрон базага киритилган бўлиб, уларга D-MED рақамли тиббий ахборот тизими орқали хизмат кўрсатиляпти. Аҳамиятлиси, марказий поликлиникамизга инфокиоск, электрон навбатга ёзилиш қурилмаси келтирилди. Бу ҳам ортиқча оворагарчиликларнинг олдини оляпти. Бу қурилма ҳозирча фақат Самарқанд шаҳридаги 2-поликлиника ва Каттақўрғон тумани марказий поликлиникасига ўрнатилган.

Журналист ва блогерлар туманнинг Каттаминг қишлоғида жойлашган оилавий шифокорлик пунктида аҳолига кўрсатилаётган замонавий тиббий хизмат билан ҳам яқиндан танишди.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов,

Дилноза Аҳмадова.