Каттақўрғонда маданият ва маданий мерос соҳасидаги муаммолар қачон ҳал этилади?
Вилоятдаги 80 та маданият марказидан 62 таси ўз биносига эга бўлса, 18 тасида бино йўқ, ҳудудлардаги аксарият маданият марказлари таъмирталаб, моддий техник базалари яхши эмас, соҳада кадрлар билан боғлиқ муаммолар бор.
Каттақўрғон тумани маданият бўлими фаолияти билан танишиб, бунга амин бўлдик.
Тумандаги 5 та маданият марказида 69 та тўгарак ташкил этилган ва уларда 58 нафар ходим 600 нафардан зиёд ҳаваскорга мусиқа ва санъат сирларини ўргатиб келмоқда.
- 20 йилдан буён маданият тизимида ишлайман, - дейди Каттақўрғон туман маданият бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Илҳом Файзиев. – Рости, кейинги пайтда соҳага эътибор ошди, лекин узоқ йиллардан буён тизимда ҳал этилмаётган муаммолар бор. Жумладан, бўлим тасарруфидаги 27-маданият маркази биноси авария ҳолатида, 28, 29-маданият марказлари ўз биносига эга эмас. Ходимларнинг маоши кам, маданият марказларинг моддий-техник базаси ачинарли ҳолатда. Масалан, оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ўтказишда маданият бўлимларига овоз кучайтириш мосламалари, медиа-аппаратлар, декорациялар учун кўргазмаси воситалари керак бўлса, маданият ходимларига бундай тадбирларга жалб қилингани учун ҳақ тўланиши керак. Афсуски, тизимда мутлақо бунинг акси. Ушбу муаммолар сабаб кўпчилик ходимлар ишдан кетмоқда ёки мустақил фаолият юритяпти. Шу боис ҳозир соҳада меҳнат қилаётган ходимларнинг бор-йўғи 12 нафари олий маълумотли бўлса, 7 нафари тугалланмаган олий ва 39 нафари мактаб ва коллеж битирувчилари.
Ўлкашунослик музейи ҳеч кимга керак эмасми?
Каттақўрғонда 50 дан зиёд архитектура ва археология объекти бўлиб, шундан 16 тасининг ҳолати қониқарли, 30 таси қониқарсиз, 4 таси эса авария ҳолатида.
1791 йилда бунёд етилган Пайшанба шаҳарчасидаги Муҳаммад Амири Нақиббек мадрасаси омборхонага айлантирилиб, қарийб бир асрдан бери қаровсиз қолдирилган эди. 1928 йилгача мадраса сифатида фаолият кўрсатиб келган ушбу тарихий обидада таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ўлкашунослик музейига айлантирилган. Давлат муҳофазасига олинган мазкур музейнинг ҳозирги ҳолати қониқарли, лекин фаолият кўрсатмайди.
Мадраса ҳовлисига пештоқли дарвозадан кириб борилади, ҳовлида баланд айвон, масжид ва 16 та хона мавжуд, - дейди Илҳом Файзиев. – 2015 йилдан буён ушбу тарихий обидани сақлаб қолиш, таъмирлаш ва келажак авлодга етказиш учун ҳаракат қиляпмиз. Туманимизда яшовчи бир гуруҳ зиёлилар, меҳнат фахрийлари мадраса биносини асраб қолиш мақсадида маънавият ва маърифат марказига айлантириш ташаббуси билан чиққан эдик. Бу таклиф вилоят ҳокимлиги томонидан маъқулланди. Мадраса негизида тарихий ўлкашунослик музейи ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинди. 2019 йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Мажмуада таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, зарур жиҳозлар ва тарихий ашёлар келтирилди, қадимийлик ва замонавийлик уйғунлигида безатилиб, 2022 йил якунида фойдаланишга топширилди. Айни пайтда музейда қарийб 3,5 мингта экспонат сақланади. Афсуски, музейда ушбу тарихий ашёларни асраб-авайлайдиган, келажак авлодга ўз ҳолича етказадиган ҳеч ким йўқ, яъни штат бирлиги ажратилмаган. Бу борада тегишли ташкилотларга бир неча марта мурожаат қилдик, бироқ фойдаси бўлмади. Наҳотки, ўтмишимиз, ўзлигимиз акс этган даргоҳ, ота-боболаримиздан мерос муқаддас қадамжо ҳеч кимга керак эмас.
Тарихсиз келажак бўлмаса, маданиятсиз жамият ривожланмайди. Юртимиз тарихи ва бугунига бефарқ бўлмаган ҳолда туман ҳокимлиги, вилоят маданият ва маданий мерос бошқармалари масъуллари соҳадаги муаммоларга эътибор қилади, деган умиддамиз.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.