Бизни кемираётган иллатлар ёхуд нега бидъат амаллардан қутулолмаяпмиз?

Яқинда бир танишим онасининг аза маросимига 5 минг доллар сарфлаганини айтиб қолди. Шу пайтгача маъракаларга катта пул сарфланишини билмасдим. Лекин баъзилар аза маросимларини худди тўйдек ўтказаркан.

Янаям ажабланарлиси, айрим жойларда майитни ювган аёлга бош-оёқ сарподан ташқари тилла тақинчоқ бериларкан. Самарқанд тўйларидаги ортиқча дабдабаларни билардим, энди билсам, аза маросимлари ҳам жуда аянчли аҳволда экан.  

Яхшиям қишлоқ жойларда меҳр-оқибат кўтарилмаган, хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин, майитни қариндошлари ювади, четдан бегонани ёллашмайди.

Бир маъракада ўзим гувоҳи бўлдим, ҳали майит хонадондан олиб кетилмасдан йиғилган аёлларнинг қўлига елим халтада нимадир тарқатиляпти. Уялиб кетдим, бу тўй эмас-ку, биз совға олгани бормадик-ку!

Ўлик чиққан хонадон “худойи”, “етти”, “йигирма”, “қирқ”, “йил” каби маросимларни ўтказади. Уларнинг ҳар бирига анча маблағ сарфланади. Лекин ушбу маросимлар бидъат амал экани, яъни марҳумга ҳеч қандай нафи тегмаслигини одамлар билмайдими, дин уламолари халққа бу ҳақда тушунтирмайдими?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров жорий йилнинг апрель ойида инсон вафот этганидан сўнг “етти”, “йигирма”, “қирқ” каби маросимлар қилиш бидъат, деб фатво берди. Бу фатво ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

- Мен архивдан олдинги муфтийларнинг ҳужжатларини кўтардим, уларнинг ҳаммаси “етти”, “йигирма”, “қирқ”, “йил” каби маросимлар бидъат, дея фатво берган экан, - дейди муфтий ўз чиқишида. – Энди буни амалга ошириш учун халқ бирлашиши керак. Бундан қандай қутулайлик деган гапдан қочиш керак. Бу одат эмас, бидъат. Ҳатто биз яқинда бўлган уламолар кенгашида қарор қабул қилдик, яъни “Жаноза ўқиган домлага пул берилмасин”, дедик.

Демак, бундан келиб чиқяптики, дин уламолари аза маросимларини ўтказишдан қайтарган экан. Аммо халқимиз орасида баъзилар яқинларининг аза маросимларини қолдирмасдан ўтказяпти. Улардан андаза олганлар қарзга ботса ҳам одатга айланиб қолган бидъат амалларни давом эттиряпти. Натижада антиқа урф-одатлар ҳаётимизга кириб келяпти.

Яқинда Каттақўрғон туманида айрим одамлар аза маросимларини тўхтатганлигини эшитдим. Қишлоқ имоми муфтий ҳазратларининг фатволарини халққа етказиб, бидъат амалларни камайтирибди. Аммо халқимиз орасида баъзи тушунмаган одамлар учраб турибди. Улар ҳамон “етти”, “йигирма”, “қирқ”, “йил” каби аза маросимларини ўтказаётган экан. 

Дарҳақиқат, фойдали амални фойдасиздан ажрата билиш учун ҳам илм-маърифат керак. Бугун аҳолини фатво билан тўғри йўлга солиш осон эмас. Агар осон бўлганида шунча ўтган муфтийларнинг гаплари ерда қолмасди. Хўш, унда фойдасиз аза маросимларига чек қўйиш учун нима қилиш керак?

Аввало, бунинг учун зиёли қатлам вакиллари халққа ибрат бўлиши лозим. Халқ ўз зиёлиларига эргашади. Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо яқинда онасидан ажралди, маросимларни бошқалардек дабдабали ўтказмади. Аксинча, онасига савоби етадиган амалга қўл урди. Бу ҳақда Японияда истиқомат қилиб, ўша юрт ҳаёти ҳақида қизиқарли постлар тайёрлаб келаётган социолог Баҳодир Искандаров ўз саҳифасида маълум қилди. Ўзаро суҳбатда Иқбол Мирзо Баҳодир Искандаровга шундай деган: “Баҳодиржон, жадид боболаримиз тўйлар, маросимлар, оғриқли нуқталаримиз ҳақида қанча гапирган эдилар. Биз бир зиёли инсон сифатида, ўша боболарнинг издоши сифатида ўзимиз амал қилмасак, ким амал қилади? Тарихда тадбиркорларимиз, бойларимиз жадидларни ўқитиш учун Германияга, бошқа ривожланган давлатларга жўнатишган. Улардан ҳамма нарсани ўрганиб келиб, ўзимизни ривожлантириш олий мақсад эди. Аммо режа охиригача бормади. Бугун шу миссияни биз қилмасак ким қилади? Ким давом эттиради? Келинглар, шу ишни биз қилайлик. Биз бошлаб берайлик. Мен бошлаб берай. Раҳматли онамнинг маросимларини қилмайман-да, ўша пулни Япониядаги жадидларимизга сарфлайман, билими бор, юртимизга нафи тегадиган салоҳияти бор, аммо моддий томондан қийналаётган талабаларга сарфлайман. Улар бир кун қайтиб, юртимизни ривожлантиради”.

Иқбол Мирзо онаси Мўътабархон ҳожи аянинг пенсия пулидан 20 миллион сўм, ўзининг пулидан 40 миллион сўм ва ўғилларининг пулларини қўшиб Японияга жўнатди. Япониядан Баҳодир Искандаров ушбу пулларни банкдан олиб, эгаларига топширишини айтди. Шунингдек, Иқбол Мирзо билан бўлган суҳбат тор доирада ўтса-да, Б.Искандаров шоирдан узр сўраган ҳолда бу ҳақда пост қўйди. Социологнинг мақсади савобли амални халққа кўз-кўз қилиш эмас, балки ибрат бўлиши учун эълон қилди.

Аслида ҳам аза маросимларини қисқартириш учун халққа мана шундай тушунтириш ишлари олиб борилиши керак. Одамлар пулларини бефойда маросимларга совурмасдан савобли амалларга ишлатиши учун зиёлилар, халқ таниган, ҳурмат қиладиган инсонлар ўз ҳаётлари мисолида кўрсатиб бериши лозим. 

Баъзилар бундай ақлли маслаҳатни ҳамма ҳам бераверади, аммо шу мақолани ёзган одамнинг ўзи гапига амал қиладими, дейиши мумкин. Бундан икки ярим йил олдин дадам Умра сафарида оламдан ўтди. Дадамнинг васиятига кўра, биз аза маросимларини ўтказмадик. Ҳатто азадор аёллар киядиган кўк кўйлакни ҳам киймадик. Қариндош аёллар: “Одамлар нима дейди, аза кийим киймасаларинг?”, деб сўрашди. Мен: “Одамларнинг гапи билан яшамайман, агар шу кўк кўйлак дадамга фойда берганида, албатта, кийган бўлардим”, дедим. Ҳеч ким эътироз қила олмади.

Бу гапларни мақтаниш учун ёзаётганим йўқ. Одам ўзига нима фойда, нима фойдасиз эканини тушуниб етса, юқоридаги каби бидъат амалларга чек қўя оларкан.

Маҳмудхўжа Беҳбудий “Бизни кемиргувчи иллатлар” мақоласида тўй ва аза маросимларини иқтисодий зарар келтирувчи, қарз ботқоғига итарувчи, халқни кемирувчи иллат деб баҳолаган: “Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қаттиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлғон ила-да қутулмас. Ўзидан сўнгра аҳлу аёлига бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр”.

Жадидлар бемаъни урф-одатлар, маросимларнинг ривожланиб кетишига йўл қўйиб бермасликка даъват қилган. Маҳмудхўжа Беҳбудий халққа ўрнак бўлиш мақсадида камхарж тўй қилган. У ўғли Мақсудхўжанинг суннат тўйига кетиши мўлжалланган ортиқча сарф-харажатга Самарқанд шаҳридан бир бинони сотиб олиб, кутубхона очган. Вадуд Маҳмуд “Беҳбудий ҳақидаги хотиралар”ида ёзишича, мутафаккир кутубхона учун Миср, Туркия ва Россиядан 6000 сўмлик китоблар харид қилган.

Ҳожи Муин “Тўй – таъзия исрофлари” мақоласида: “Халқни ўз ҳолига қўйса, ўзининг фойда-зарарини ўйламай, ҳар бир тўғри келган ишни қилаверади, ўлганича фойдасиз урф-одатларнинг асоратидан чиқа олмайди. Шунинг учун халқни ўз ҳолига қўйиш тузук эмас. Масъул кишилар ва ёшларимиз бу муаммоларни ҳал қилишда, тўхтатишда халққа йўлбошчи ва таъминотчи бўлиб туришлари керак”, деган.

Дарҳақиқат, ўлим ҳамманинг бошида бор. Яқинидан ажралган инсон бидъат амалларни эмас, марҳумга савоби етиб турадиган хайрли ишларни қилса, нур устига нур. Хулоса ўзингиздан.

Хуршида Эрназарова.