Фидойилик ва камтарлик тимсоли – Аъзамхон Баҳромовни хотирлаб...
Каттақўрғон туманида марҳум раҳбар, фидойи инсон Аъзамхон Баҳромовнинг таваллуд топган куни муносабати билан хотира тадбири ўтказилди. "Фидойилик Ватанга хизмат демак!" шиори остида ташкил этилган мазкур тадбирда унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Жоним фидо бўлсин сенга, элим!” номли китоб тақдимоти ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.
Тадбирда марҳум раҳбарнинг оила аъзолари, яқинлари, дўстлари, ҳамкасблари ва туман фуқаролари қатнашди. Аъзамхон Усмоновичнинг ибратли ҳаётига бағишланган китоб ижодкорлар Муҳаммадали Эргашев, Одил Олимжонов ва Жаҳонгир Сафаров қаламига мансуб бўлиб, китоб мухлисларда катта қизиқиш уйғотди. Китобда унинг раҳбар сифатидаги фидокорона меҳнати, инсоний фазилатлари ва халқпарварлиги ҳақида кенг ёритилган.
Тадбирни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев олиб борди. У ўз нутқида Аъзамхон Усмоновичнинг ҳаётидаги ибратли жиҳатларини таъкидлаб ўтди. Сўнг, Каттақўрғон тумани ҳокими Жамшид Насриддинов сўзга чиқиб, марҳум раҳбарни "тирик тарих, катта ҳаёт академияси" деб атади. Шунингдек, тадбир давомида кўплаб инсонлар марҳумга бўлган ҳурмат ва эсдаликлари билан ўртоқлашишди.
Тадбир доирасида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйини ёшлар ва катта ёшдаги иштирокчиларни бирлаштирди. Жами 16 жамоа иштирок этган мусобақада:
1-ўрин – "Ёшлар" жамоаси;
2-ўрин – "Оловли Каттақўрғон" жамоаси;
3-ўрин – "Ўқитувчи" жамоаси.
Ғолиб жамоалар Хоразм вилоятига 3 кунлик саёҳат йўлланмаси билан тақдирланди, бу улар учун ҳақиқий рағбат бўлди.
Хотира тадбири нафақат марҳум раҳбарнинг шарафли хотирасини эслатиб ўтди, балки унинг инсоний фазилатлари, ҳалоллиги ва фидойилиги ҳар бир иштирокчи учун катта ўрнак эканлигини яна бир бор намоён қилди. Унинг ҳаёти ва фаолияти келажак авлод учун ибрат ва илҳом манбаи бўлиб қолади.