Тафаккур қилиш, фикрлаш ва мулоҳазага ундовчи китоблар тақдимоти

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Зарафшон” газетаси кутубхонаси туркумидан нашрдан чиққан “Муҳокамадаги мавзулар” рисоласи, газета мухбири Тўлқин Сиддиқовнинг “Бефарқликдан бедорликка” ҳамда фахрий журналист Турғунбой Ҳасановнинг “Тулкининг туши” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари таҳририяти ташаббуси билан ўтказилган тадбирда китобхонлар, журналистлар, адабиёт ихлосмандлари, талаба-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда нафақат бу китоблар мазмун-моҳияти, балки уларнинг яратилиш жараёни, муаллифларни илҳомлантирган омиллар ва уларда кўтарилган долзарб масалалар хусусида фикр алмашилди.

“Муҳокамадаги мавзулар” рисоласи тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Унда даврнинг энг долзарб муаммолари, жамият ва инсон руҳияти билан боғлиқ нозик масалалар чуқур таҳлил этилган. Мақолалар ўқувчини бефарқ қолдирмайди, аксинча, уни фикрлашга, мулоҳаза юритишга ва мушоҳада қилишга ундайди.

Тақдим этилган асарлар орасида Тўлқин Сиддиқовнинг “Бефарқликдан бедорликка” китоби алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Унда муаллиф жамият тараққиётига тўсқинлик қилаётган кўринмас иллат — бефарқлик масаласини чуқур таҳлил қилган. Асар мулоҳаза ва танқидий руҳда ёзилган бўлса-да, унинг асосий мақсади айблаш эмас, балки ўқувчини уйғотиш, фикрга чорлашдан иборат.

- “Бефарқликдан бедорликка” бу уйғониш чақируви, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев. - Катта муаммолар кўпинча кичик бефарқликлардан бошланади. Бир қарашда оддий туюлган ҳолатлар - вақтни беҳуда сарфлаш, имкониятни қадрламаслик, тарбиядаги эътиборсизлик аста-секин жамият ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Ушбу китоб ана шу кўринмас нуқталарга диққат қаратади, одамларнинг қандай яшаши, қандай позиция танлаши кераклиги ҳақида ўйлашга ундайди.

Турғунбой Ҳасановнинг “Тулкининг туши” китоби эса ўзининг содда ва таъсирчан услуби билан ажралиб туради. Унда жамланган шеърлар болалар учун мўлжалланган бўлса-да, улар орқали катталар ҳам ҳаёт ҳақиқатлари, инсоний фазилатлар, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги нозик чизиқ ҳақида чуқур хулосалар чиқариши мумкин.

Тадбир якунида иштирокчилар бундай маънавий-маърифий учрашувлар жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёш авлодни фикрлайдиган, онгли ва масъулиятли инсонлар қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.

Фазлиддин Рўзибоев.