"Хорижий Самарқандиёна энциклопедияси"нинг илк инглизча нашри тақдимоти ўтказилди
Самарқанд халқаро технология университетида 18 октябрь - Самарқанд шаҳри кунига бағишланган "Самарқанд: маданиятлараро мулоқот маконида шаҳар қиёфаси" китобининг илк инглизча нашри тақдимоти ўтказилди.
"Хорижий Самарқандиёна энциклопедияси"нинг тўлақонли биринчи нашри 2014 йилда Самарада, қайта ишланган ва тўлдирилган иккинчи нашри эса Самарқанд халқаро технология университети ҳомийлигида ўтган йили Тошкентда чоп этилганди.
БМТ томонидан «Тинчликни кафолатлашга йўналтирилган халқаро мулоқот йили», деб эълон қилинган 2023 йилда чоп этилган мазкур илмий-ахборот нашри кўплаб янги маълумотлар билан бойитилган, ундаги алоҳида боблар кенгайтирилган ва тўлдирилган.
"Хорижий Самарқандиёна энциклопедияси" самарқандлик Анатолий Ионесов томонидан тайёрланган ижодий лойиҳа маҳсули ҳисобланади.
Китобни инглиз тилига таржима қилишда Самарқанд халқаро технология университетининг бир гуруҳ профессорлари - Аннамарие Бассон, Жосепҳ Старк, Шаҳноза Мустанова, Комила Абдуллаева, Зуҳра Рустамовалар жалб этилди.
Тақдимот тадбирини университет ректори, профессор Юсуф Абдуллаев очиб берди.
- Мазкур китоб тақдимоти бизнинг қадимий шаҳримиз рамзини акс эттирган ҳолда турли маданиятларнинг ўзаро таъсири ва бағрикенглик байрамига айланди, - деди Ю.Абдуллаев. - Китобда ҳозирги даврда Самарқандни маданий томонлама қайта талқин этиш бўйича турли-туман материаллар маълум бир тизимга солинган тарзда тақдим этилган. Ушбу нашр самарқандлик машҳур кишиларнинг исми-шарифлари, кўчалар, меҳмонхоналар, ошхона ва тамаддихоналар, турли дўконлар, уй-рўзғор буюмлари, бадиий асарлар, аҳоли турар жойлари номларида ва бошқаларда муҳрланиб қолган хорижий Самарқандиёнанинг объектлари тўғрисида етарлича тўлиқ маълумотларни ўзида жамлаган.
Китобхонлар эътиборига ҳавола қилинаётган ушбу китоб тилга оид, ижтимоий-иқтисодий, бадиий анъаналарда ўзининг замонавий оҳангига эга бўлган жаҳонга машҳур шаҳар брендининг қиёсий-маданий тасвирларига бағишланган нашрлар ичида биринчисидир.
Тақдимотда йиғилган меҳмонлар ва университетнинг хорижий профессор-ўқитувчилари китоб муаллифларига ўз муносабатларини билдирди. Шундан сўнг ака-ука Ионесовлар келгусида мазкур энциклопедияни бошқа тилларга ҳам таржима қилиб, чоп эттириш мақсадга мувофиқ эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Самарқанд халқаро технология университети ахборот хизмати.