Муқаддас китоб лойиҳалари тақдимоти
Самарқандда ўтказилаётган “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” VIII халқаро конгресси бугун Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳамда Ислом цивилизацияси марказининг муҳим лойиҳалари тақдимоти, шунингдек, маданий меросни сақлашда кино ва медианинг ўрни муҳокама этилаётган ТУРКСОЙ халқаро форуми доирасида “Кино – мерос сақловчи сифатида: маданий лойиҳалар ва ташаббуслар тақдимоти” билан ўз ишини давом эттирмоқда.
Жумладан, “Ўзбекистон қуръонлари” лойиҳаси тақдимотида Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов ҳамда Mueller&Schindler нашриёти маркетинг ва ривожланиш бўйича вице-президенти Александр Вильгельм “114 Қуръон” лойиҳаси ҳақида сўз юритди.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳада VII-VIII асрлардан бошлаб XIX- XIX асрларгача Ҳиндистондан Туркиягача бўлган Осиё мамлакатларида, Африка давлатларида кўчирилган ва дунёнинг турли минтақаларида, машҳур музей ва коллекцияларда сақланаётган 114 та ноёб Қуръон нусхаларидан намуналар олиниб, тўпланган.
Ушбу сессияда, шунингдек, “Ўзбекистон билан боғлиқ ноёб Қуръон қўлёзмалари”, “Ўзбекхоннинг муқаддас Қуръони. Қуръоннинг янги ўзбекча таржимаси” ҳақида сўз юритилди. “Аллоҳнинг 99 исми” китоб-альбоми тақдимоти ўтказилди.