Журналистлар уюшмаси самарқандлик ёш китобхонларга китоб совға қилди
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Китобсевар миллат” шиори остида “Китобхон болалар” ва “Дунё даҳолари” рукнида чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда журналистлар, шоир ва ёзувчилар, вилоятдаги ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда бир гуруҳ ёш китобхонлар иштирок этди.
Тадбирда айни бугунги кунда мамлакатимизда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиётгани, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси сифатида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш белгилангани ҳам бежиз эмас таъкидланди. Она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёс эканлиги тилга олинди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов болажонларнинг севимли китобига айланадиган мазкур нашр тўғрисида гапирди.
- Бу эзгу ташаббусни рўёбга чиқаришда Журналистлар уюшмаси Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди моддий имконият яратди, - деди Х.Салимов. - Яъни, фонд томонидан эълон қилинган грант танловида “Аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш” лойиҳаси бўйича ғолибликни қўлга киритгач, бу йўналишдаги ишларимиз жадаллашди.
Жумладан, мазкур лойиҳа доирасида болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган ўн номдаги ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини нашрга тайёрлаш, чоп этиш, аудио шаклларини яратиш ҳамда уларни давлат буюртмачиси билан келишган ҳолда ахборот-кутубхона муассасаларига беғараз тақдим этиш белгилангани ҳам қайд этилди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Т.Тугалов, вилоят телевидениеси директори М.Ихтиёров, “Зарафшон” ва "Самаркандский вестник" газеталари таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Ғ.Ҳасанов, вилоят ахборот-кутубхона маркази директори З.Шодиева томонидан нашр этилган китоблардан ўрин олган шеърлар, ҳикоялар ва эртаклар мазмунига мос ажойиб расмлар билан бойитилгани, болалар эътиборини ўзига жалб қиладиган ажойиб дизайн ва ёрқин қиёфа, бу китоб нафақат маънавий бойлик, балки ҳақиқий хазина экани эътироф этилди. Келгусида алломаларимиз тўғрисида ва ҳудудлардаги ижодкорларнинг ҳам китоблари ихчам ва бежирим ҳолда чоп этиш таклифлари билдирилди.
Тадбир якунида 720 дона китоб вилоятдаги кутубхоналар ва ихтисослаштирилган мактаб кутубхоналарига тақдим этилди.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан чоп этилган “Самарқанд ер юзининг сайқали” номли альбом ҳам кутубхоналарга топширилди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.