Иссиқлик тизими: деярли унут бўлган бу хизматдан аҳоли яна баҳраманд бўладими?
Сўнгги ҳафталарда, аниқроғи, совуқ кунлар бошлангач, пойтахт ва бошқа шаҳарларда яшовчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги саволларига кўзимиз тушмоқда: “Иссиқликни қачон ёқишади?” Яхшиси шуки, самарқандликлар бу каби саволларни беришмаяпти, ёмони эса вилоят ҳудудида аслида ўша “ёқиладиган” марказлашган иссиқлик тизимининг улуши жуда кам.
Умуман, марказлашган иссиқлик тизими республика бўйича умумий иситишнинг жуда кам қисмини ташкил этади. Бугунга келиб фақат Тошкент шаҳри (унда ҳам тахминан 78 фоиз) ва яна айрим саноқли шаҳарлардагина марказлашган иссиқлик тизими қолган. Бу тизим йиллар давомида инвестиция етишмовчилиги ва эскирган инфратузилма сабабли тобора сифатсиз хизмат кўрсатиб келмоқда.
Деярли ҳар йили совуқ кунлар кириб келаркан, иссиқлик тизимини тиклаш масаласини жамоатчиликка кўтариб келамиз. Чунки агар бугун ҳеч бўлмаганда шаҳарларда марказлашган иссиқлик тизими (отопление) сақланиб қолганида эди, табиий газ ва электр таъминоти бунчалик кўп муаммолар гирдобида қолмаган бўларди. Одамларни "бу йил совуқда қандай жон сақлар эканмиз" деган савол камроқ қийнарди.
Ҳар йили қиш мавсумида иситиш, умуман, коммунал соҳа муаммолари юзага чиқар экан, электр тармоқлари масъулларидан узилишлар ҳақида сўрасангиз электр ёритиш учунлиги, лекин иситишга сарфланаётгани учун юкламалар ошиб кетганини айтади. Табий газ таъминоти масъуллари ҳам худди шундай, газ аслида фақат овқат пишириш ва чой қайнатиш учун экани, шу сабаб етмаётгани рўкач қилинади. Аммо иссиқлик таъминотининг йўқлиги, халқда бошқа танловнинг ўзи қолмагани ҳаммага маълум.
Ўз-ўзидан ечим ҳам шу ерда кўринади: қанчалик қийин бўлмасин, иссиқлик таъминотини тиклаш керак, шунда нафақат иситиш муаммоси енгиллашади, газ ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам камаяди. Масаланинг яна бир ўта муҳим жиҳати бор, ҳар йили республиканинг турли ҳудудларида ис газидан заҳарланган оилалар ҳақидаги оғриқли воқеаларни эшитамиз. Иссиқлик тизими бўлганида эса бундай фожиалар бўлмасмиди. Чунки табиий газ билан уй иситиларкан, бугунми эрта барибир ис гази тарқалиши рўй беради. Сабаби, уй ичида табиий газ билан ёнувчи иситиш печлари ўрнатиб, хонадонни иситиш техник қоидаларга мос эмас (Даҳшатлиси шундаки, биз ҳали аксарияти қозонхонага эга бўлмаган аҳолимизга уйда ёқиш учун ҳатто кўмир тарқатишни ҳам рағбатлантирамиз).
Хўш, бу тизим, марказлашган ёки локал бўлсин, иссиқлик таъминоти тикланадими? Бундан бир неча йил олдин мутасаддилар билан суҳбатимизда тез орада вилоятнинг деярли барча туман марказлари ва шаҳарларда иссиқлик тизими тикланиши айтилганди.
Умуман, бу каби режалар ҳам аслида ҳар йили айтилади. Уни амалга ошириш борасида бирор бир қадам қўйилганини билиш учун Каттақўрғон шаҳрида бўлдик. Баҳонада аҳолининг уйларни иситиш борасидаги фикрлари билан қизиқдик.
Ҳар ким топгани билан уй иситяпти
Каттақўрғон шаҳри ҳудудидаги кўп қаватли уйлар... Биласизми, қишда кўп қаватли уй яшовчиларида ҳаммаси жойида ёки йўқ эканини аҳоли билан суҳбатлашмасдан туриб ҳам, биттагина манзарадан билиш мумкин: Деворларни тешиб, ўрнатилган мўрилар. Аслида, кўп қаватли уйнинг бетон деворларини ўзбошимчалик билан тешиш мумкин эмас. Аммо уйни иситиш керак-ку. Каттақўрғонда ҳам кўп қаватли уйлар кўзимиз тушгани ана шу манзара бўлди.
- 30 йилдан бери шу ҳудуддаги кўп қаватли уйда яшайман, охирги марта қачон иссиқлик тизими ишлаганини ёдимда ҳам йўқ, - дейди шаҳарнинг Амир Темур номли маҳалласида истиқомат қилувчи Теша Сатторов. – Уйни табиий газда иситамиз. Ўтган йил қишда қийналдик. Бу йил эса ҳали кунлар озгина совумасидан газ босими пайасиб кетди. Афсуски, қиш ҳали олдинда.
- Ҳар ким топгани билан иситади. Кимдир ўзи “котёл” ўрнатган, кимдир электр билан, - дейди шу маҳаллада яшовчи Муҳиддин Худойбердиев. - Ўтган йили шу атрофдаги бир хонадонда қўлбола печ ишлатиб, кўмир ёқиш оқибатида авария ҳам содир бўлганди. Газ босими пасайди, афсуски, электр таъминотида ҳам узилишлар бошланди. Иссиқлик тизими ўтган асрнинг 90-йилларида бўлган, ҳозир марказий қозонхонанинг жойи ҳам сотиб юборилган. Икки контурли иситиш тизимига эга хонадонлар эса фақат янги қурилган “дом”ларда бор.
Шаҳардаги яна бир қатор ҳудудларда аҳоли билан суҳбатлашдик, жавоблар деярли бир хил: “ҳар ким топгани билан уй иситяпти”.
Каттақўрғонда иссиқлик таъминоти тикланади!
Шаҳар ҳокимлигида бўлиб, мутасаддилар билан суҳбатлашганимизда шу маълумотни тақдим этишди. Фақат, бутун шаҳар бўйлаб эмас, ҳозирча 20 та кўп қаватли уйда иссиқлик тикланиши маълум қилинди.
- Шаҳарнинг Ватанпарвар, Амир Темур номли маҳаллаларида буюртмачи — вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги кўп квартирали уйларни таъмирлаш бўйича инжиниринг компанияси томонидан 9 та 4 қаватли, 11 та 5 қаватли уйдаги мингдан зиёд хонадонларни марказлашган иссиқлик билан таъминлайдиган локал қозонхона қурилиши кўзда тутилган, -дейди Каттақўрғон шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Шерзод Сайдиев. - Салкам 3,5 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа объекти тендер савдоларига қўйилган бўлиб, 1 ноябрь куни тендер савдолари ўтказилади (мақола 31 октярбда тайёрланган).
Тендер ғолиби, 50 кун ичида объектни қуриб битказиш мажбуриятини олади. Демак, қозонхона январь ойида ишга тушади.
Масаланинг яна бир муаммоли томони шундаки, 90-йилларда қурилган ҳудуддаги ушбу уйларнинг деярли барчасида иссиқлик тизими қувурлари яроқсиз ҳолга келиб бўлган (чунки ишлатилмаган).
Мутасаддилар олдидаги навбатдаги вазифа — пул топиб ана шу 20 та кўп қаватли уй ертўласидаги ва унгача келадиган иссиқлик тармоқларини янгилаш. Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, мазкур муаммо ҳам эътиборга олинган. Ҳисоб-китобларга кўра, бунинг учун 2,5 миллиард сўм маблағ керак бўлади. Ушбу маблағни ажратиш учун ҳокимлик томонидан тегишли идораларга мурожаат қилинган. Хуллас, ушбу масаланинг молиявий томони ҳал этилса ва объект қурилиши ўз вақтида бажарилса, Каттақўрғон шаҳридаги 20 та кўп қаватли уй аҳолиси кейинги йил бошида иссиқликдан баҳраманд бўлади.
Шаҳардаги кўп қаватли уйлар сони 260 тани ташкил этишини ҳисобга олсак, 20 та кўп эмас. Фақат бир нарса бизда ижобий кайфият уйғотди: ниҳоят, иссиқлик тизимини тиклаш борасида ҳаракатнинг бошлангани. Унинг ўз вақтида амалга оширилишини эса албатта кузатиб борамиз ва мавзуга қайтамиз.
Дарвоқе, ўтган йилларда мутахассислар билан суҳбатларда қуйидаги таҳлил билан танишгандик. Яъни, индивидуал иситиш тизимлари орқали сарфланадиган табиий газ миқдори марказлашган иссиқлик тизимидан анча кўп. Айтайлик, маълум миқдордаги уйларни иситиш марказлашган ҳолда иссиқлик манбаи орқали амалга оширилганда минг куб метр газ сарфланса, индивидуал иситишда қарийб 2 минг куб метр газ ишлатилади. Умуман, ҳар қандай ҳудудда марказлашган иссиқлик таъминоти бўлмагани жуда катта миқдорда табиий газ йўқотилишига олиб келади. Иккинчидан, газ қанча кам ёқилса, экологик офатлар шунча кам, учинчидан эса юқорида айтилганидек, марказлашган иссиқлик тизими инсон ҳаёти учун хавф келтирмайди.
Мақолани тайёрларканмиз, ривожланган давлатларда аҳоли хонадонлари қандай иситилиши билан қизиқдик. Маълум бўлдики, тараққий этган давлатларнинг аксарият ҳудудларида хонадонлар қуйидаги усулларда иситилади: Марказлашган иссиқлик тизими (энг кўп), индивидуал иситиш ускуналари (қозонхоналар билан), геотермал иссиқлик насослари ҳамда электр иситиш тизимлари (арзон ёки қайта тикланувчи энергия манбалари кенг тарқалган ҳудудларда).
Бундан кўринадики, ҳар қандай ҳолатда соҳани тиклаш зарур ва шарт экани кун сайин ойдинлашиб бормоқда. Албатта, бунинг учун катта маблағ талаб этилади, афсуски, бизда бундан яхшироқ бошқа муқобил вариант йўқ ҳозирча.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).