Ўқитувчилар сиҳатгоҳларда дам оляптими?

Ўқув йили давомида ўқувчиларининг шўхликларига сабр қилиб, уларга фан сирларини ўргатган мураббий ва ўқитувчилар таътилни қандай ўтказяпти? Қанчаси сиҳатгоҳларда дам оляпти? Ўқитувчи янги ўқув йилига яхши тайёргарлик кўра оладими? Келинг, шу ҳақда мулоҳаза қиламиз.

- Яқинда ҳамкасблар билан уч кунга Зоминга дам олишга бормоқчимиз, - дейди Нуробод туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактабининг биринчи тоифали она тили фани ўқитувчиси Маҳфуза Ҳайдарова. – Ҳамкасбларим билан қисқа муддатли дам олишга бориб тураман. Аммо уйим-жойим, болаларим деб шу пайтгача йўлланма асосида бирор сиҳатгоҳга бормабман. Насиб бўлса, шу йилги ёзги таътилда туманимиздаги Ибн Сино сиҳатгоҳида дам олишни режалаштиряпман.

- Мактабда иш бошлаганимга 26 йил бўлди, - дейди Булунғур туманидаги 48-умумий ўрта таълим мактабининг биринчи тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Рисолат Имомқулова. – Шу пайтгача болалар тарбияси, рўзғор ишларидан ортиб, узоқ муддатга сиҳатгоҳларга дам олишга бормадим. Таътилда ва байрам кунлари оилам билан қисқа муддатли дам олиш жойларига бориб тураман. Қишлоқ жойларда ёзда мавсумга оид турли юмушлар бўлади. Томорқа ишлари ҳам толиққан асабларни тинчлантиради.

Дарҳақиқат, кўпчилик ўқитувчилар ёзги таътилни оила даврасида, рўзғор юмушларига кўмилиб ўтказади. Йил давомида чарчаган асабларига енгиллик бериш учун бирон сиҳатгоҳга боришни режалаштирадиган ўқитувчилар камчиликни ташкил қилади. Фикримизнинг исботини қуйидаги рақамлардан ҳам билиши мумкин.

2025 йилнинг 1 июнь ҳолатига 359 нафар педагог касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан, 118 нафари ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан сиҳатгоҳларга йўлланма олган. Ваҳоланки, бугун вилоятда 61 мингдан ортиқ педагог умумий ўрта таълим мактабларида меҳнат қилади.

- Таълим тизими ходимлари асосан ёз ойларида сиҳатгоҳларга йўлланма олиш учун мурожаат қилади, - дейди Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Ифтихор Раҳимов. – Бугун йигирма битта соғломлаштириш сиҳатгоҳларига йўлланма бериш имконига эгамиз. Педагоглар касаллигига қараб, ўзларига мос сиҳатгоҳни танлайди. Фақат тартиб-қоидага кўра талабгорлар икки ой олдин мурожаат қилишлари керак. Шунингдек, бизда йўлланмалар ҳар бир ходимга икки йилда бир маротаба берилади.

Бугун сиҳатгоҳларга бериладиган йўлланманинг ўртача нархи 4 миллион 600 минг сўм бўлиб, унинг 45 фоизи ходим томонидан, 55 фоизи касаба уюшмаси томонидан тўланади. 2025 йилда касаба уюшма буджети маблағларидан 1200 нафар, ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан 960 нафар педагогнинг соғломлаштирилиши режалаштирилган. Бу прогноз талабга кўра, бундан ҳам ортиқ бўлиши мумкин.

Демак, факт ва рақамларга эътибор берадиган бўлсак, вилоятда 2023 йилда 2472 нафар, 2024 йилда 2316 нафар педагог ходимлар ижтимоий суғурта ва касаба уюшмаси бюджети маблағлари ҳисобидан сиҳатгоҳларда даволанган. Жорий йилда ҳам шунча атрофида педагоглар соғлаштириш сиҳатгоҳларида дам олади. Аммо бу кўрсаткич вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг тахминан 3,5 фоизини ташкил қилади. Кўриниб турибдики, бу жуда паст кўрсаткич.

Афсуски, республикамизда ягона бўлган Оқдарё туманидаги “Устоз” сиҳатгоҳи ҳам бугун вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфида эмас. Бир пайтлар ушбу сиҳатгоҳ қанчадан-қанча педагогларнинг саломатлигини тиклашга ёрдам берган бўлса, бугунги кунда хусусийлаштириб юборилган.

Тўғри, айрим ўқитувчиларга сиҳатгоҳларнинг 45 фоизли йўлланмаси ҳам қиммат. Буни инкор этиб бўлмайди. Шунинг учун ёзги таътилда ўқитувчиларни соғломлаштириш сиҳатгоҳларига юбориш, уларнинг ҳар томонлама яхши дам олишини ташкил қилиш масаласи ҳукуматимиз томонидан жиддий кўрилиши лозим. Керак бўлса, педагоглар учун алоҳида сиҳатгоҳлар ишга туширилиши, йил давомида уларнинг ишлашини таъминлаш зарур. Ютуқларга эришган айрим ўқитувчиларнинг бепул дам олишини ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқ.

Таълим сифатининг ошишига жиддий эътибор берилаётган бир пайтда таълим соҳаси ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ғамхўрлик кўрсатиш, саломатлигини тиклаш учун керакли шарт-шароитлар яратиш зарур. Сиз қандай фикрдасиз?

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.