Футбол, ДХХ кубоги: Майдонда қўшработлик ва иштихонлик ёшлар

Бугун Самарқанд шаҳридаги “Динамо” ўйингоҳида футбол бўйича маҳалла ёшлари ўртасида “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақасининг вилоят финал босқичи ўйини бўлиб ўтади.
Унда Қўшработ туманининг Шовона ва Иштихон туманининг Қорақишлоқ маҳалласи ёшлари жамоалари беллашади. Ушбу футбол мусобақасининг учинчи ўрни Пайариқ туманининг Ўзбекистон маҳалласи ёшларига насиб этган.
ДХХ кубоги доирасида ўтказилган мини футбол баҳсларининг вилоят босқичида эса ўғил болалар ўртасида Тойлоқ туманининг Тепақишлоқ маҳалласи ёшлари биринчи ўринни эгаллаган бўлса, қизлар ўртасида Жомбой туманининг “Нафис” қизлар жамоаси бу йил ҳам ғолиб бўлган. Энди улар мусобақанинг республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилади.
Айтиш жоизки, мазкур мусобақаларда қатнашиш учун вилоятнинг барча ҳудудларида истиқомат қилаётган 90 минг нафардан ортиқ ёшлар рўйхатдан ўтган. Мусобақанинг маҳалла, туман ва вилоят босқичларида футбол бўйича 39 минг 514 нафар, мини футбол бўйича йигитлар ўртасида 27 минг 446 нафар, қизлар ўртасидаги баҳсларда 17 минг 953 нафар ёшлар иштирок этган.