Жонсиз ўрмон сири

Твер (Россия)дан 20 километрча нарида Товонува деган қишлоқча бор. Унинг чеккасидаги Оршин ботқоқлиги, ўзининг ғайритабиий ҳодисалари билан одамларни ҳайратга солиб келади.

Ривоятларга кўра, XVIII асрда ўрмонга “Самовий тош” қулаб тушган. Унча катта бўлмаган ушбу метиорит қулашидан кейин ўша ерда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ғалати ҳодисалар рўй бера бошлабди. Метиорит бу ерга беҳудага учиб келмаган эмиш. Ривоятда айтилишича, ерда аллақандай ғайридин мавжудотлар яшаган. Улар кўзга кўринмас ёвуз кучларга қурбонлик қилиб туришган экан.

Христианлик қарор топиб, қурбонлик унутилгани учун ёвуз кучлар ҳудудга “самовий тош” ташлабди. Шундан буён одамлар қўрқиб, бу ҳудудга яқин йўлашмайди.

Бу жой ҳақида бошқа ҳодисалар ҳам одамларни ҳайратга солади. Масалан, унинг яқинидан ўтган кишиларнинг овози эшитилмай қолади, телефон ҳам “гунг” бўлиб қолади. Ёки вақти-вақти билан қоронғу кечаларда ғайритабиий ҳудуд устида мовий алангга чақнаб, кўкка кўтарилади.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, бу ердаги ғайритабиий ҳодисалар сири шунда эмишки, ўрмонда бошқа дунёга вақти-вақти билан дарвоза очилиб туради. Оршин ўлик ўрмони айтишларича, ўз умрини яшаб бўлган эмиш. Ўтмишда 200 йил давомида ўрмон яшнаб турган, ҳозир дарахтлар қуриб, шох-шаббалари чириб, ботқоқликка айланган.

Ғайритабиий ҳодисаларни ўрганувчи мутахассисларнинг фикрича, метеорит бу ерга ўзга сайёралардан аллақандай кемирувчи бактерияларни олиб келган, улар эса ўрмонни зарарлаб, жонсиз ҳудудга айлантирган.

2013 йилда бу ерда янги жумбоқ пайдо бўлди. Ҳудудда ёш дарахтлар пайдо бўлди. Яқин ўн йилларда бу ерда бирорта дарахт кўкармаган эди. Аммо беш йил ўтгач, япроқлари хазонга айланиб, дарахтлар қуриб қолди. 2023 йилга келиб, бу ерда яна дарахтлар пайдо бўлди. Ҳайратланарлиси шундаки, аввал уларнинг бирортаси бу жойда ўсмаган. Бирортаси яқин атрофдаги ёки аввал ўсган дарахтларга ўхшамайди. Ўзининг сирли учинчи асрга қадам қўйган ўлик ўрмонда қайта пайдо бўлган бу дарахтлар тақдири қандай бўлади, ҳеч ким билмайди.

Т.Шомуродов тайёрлади.