Оналар ўлими: битта бўлса ҳам кўп
Кейинги пайтда оналар ўлими билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида тез-тез эшитяпмиз. Гарчи она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш юзасидан қатор ижобий ишлар амалга оширилаётган, бу соҳага миллиардлаб маблағ сарфланаётган бўлса-да, нега бундай ҳолатлар юзага келаяпти?
Бугун бу соҳада қандай ўзгаришлар бор ва қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шу саволлар билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Жамшид Жияновга мурожаат қилдик.
- Кейинги йилларда оналар саломатлигига эътибор бироз сусайгандек. Хусусан, уларнинг тиббий кўрикдан ўтиши бундан бир неча йиллар аввал жуда қаттиқ назорат остида бўлар, бу масала катта йиғинларда ҳам муҳокама этиларди.
- Сиз, назаримда, бундан анча йиллар аввал ўтказилган кўриклар ва уларнинг доимий ҳисоботи ҳақида сўраяпсиз. У пайтлари ростдан ҳам бу масала жиддий таҳлил этилар ва камчиликка йўл қўйганларга чора кўрилади. Биласизми, бунда асосий масала аёлларни контрацептив воситалари билан қамралиши бўларди. Оилани режалаштириш, аёл соғлом бўлсагина, фарзандлар сонини кўпайтирсин, деган масала биринчи ўринга чиқарди. Бугун ҳам бу муҳим, аммо аҳолида саломатлигига эътибор ўтган йилларга қараганда яхшиланди, аёллар соғлигига эътиборли бўла бошлади. Лекин бу улар тиббий кўрикдан ўтказилмайди дегани эмас, барчаси ўзи яшайдиган ҳудуддаги тиббий муассасаларда белгиланган муддат давомида кўрикдан ўтиши керак. Яъни тиббиётнинг ҳар доимги ишлари сифатида давом этмоқда. Фақат бу ҳолат катта йиғинларда муҳокама этилмаяпти. Умумумий миқёсда эътибор, барибир бор, албатта. Хусусан, шу йилнинг 5 августидан 31 августига қадар вилоятда “Аёллар саломатлиги” ойлиги ўтказилмоқда. Бунда айнан юқорида айтганингиздай, аёллар, айниқса туғруқ ёшидаги аёллар тўла тиббий кўрикдан ўтиши белгиланди. Бу жараёнда улар нафақат оддий кундалик текширувлар, балки вилоят соғлиқни сақлаш тизимида яратилган имкониятлар туфайли мураккаб онкотекширувлардан ҳам мобиль тарзда ўтмоқда. Қолаверса, ушбу текширувлар мақсадли ва аниқ касалликлар бўйича олиб борилаётгани эътиборли. Мисол учун, шу йилнинг олти ойи давомида 140301 нафар аёл бачадон бўйни саратони скринингидан ўтказилган бўлса, улар орасидан 60 нафарида касаллик эрта босқичда аниқланди. Кўкрак бези саратонига текширилган 156 мингга яқин аёлларнинг 57 нафарида хасталик ошкор бўляпти. Бу дегани аёллар касалликни эрта босқичда билиб, тўлиқ соғайиб кетиш имконига эга бўлмоқда.
- Аёлларнинг ўз саломатлигига эътибори ошгани турли нохуш ҳолатларнинг камайишига туртки беряптими?
- Туғруқхонага келгунга қадар тиббий аҳволи ҳақида деярли хабардор бўлмаган, бирон марта қишлоғидаги шифокорлик пунктига учрамаётган аёллар сони камайган, демоқчиман. Аммо ҳамон ўз саломатлигига эътиборсиз, тўртинчи ё бешинчи туғруқ билан келиб, аҳволи оғирлашаётган аёллар бор. Ёки ўзи аҳволини тушуниб турса-да қайнонасининг зуғуми остида фарзанд кўришга мажбур бўлаётган аёллар ҳам кам эмас. Афсуски, оналар ўлими ҳолатлари ҳам 35 ёшдан ошган ёки тўрт ва бешинчи фарзанд кўраётган аёллар орасида содир бўлмоқда.
- Гап оналар ўлими ҳақда кетаркан, кейинги пайтда рақамлар сони ошгани кишини ташвишга солади. Бу фақат аёлларнинг ўз саломатлигига эътиборсизлигидан бўлмаса керак...
- Афсуски, рақамлар ошаётгани ҳақиқат. Айниқса, ўтган йили бир неча йиллардан буён юқори даражага кўтарилди. Табиийки, бунда кўплаб омиллар мавжуд. Мисол учун, Самарқанд шаҳрида юз берган ўлим ҳолати, Паст Дарғомдаги ҳолатлар юзасидан тегишли мутасаддиларга интизомий чоралар кўрилди.
- Сўнгги йилларда вилоятимиздаги бешта туманда минтақавий, бир нечта туманга хизмат кўрсатадиган перинатал марказлар ташкил этилганди. Улардан бири Паст Дарғом туманида жойлашган. Оғир аҳволдаги ҳомиладор аёлларга ёрдам беришга мўлжалланган перинатал марказга бўла туриб нега ушбу туманда ўлим ҳолатлари учради?
- Юқорида таъкидлаганимдай, аввало аёлнинг ўз саломатлигига эътибори жуда муҳим аҳамиятга эга. Бирламчи тиббиёт ҳар бир ҳомиладор аёлни рўйхатдан ўтказиши ва назоратга олиши лозим. Лекин бунинг учун аёллар ҳудудидаги шифокорлик пунктига бориши керак-да. Мана бу рақамга эътибор беринг: 2024-йил олти ойи давомида бир йилгача бўлган муддатдаги туғруқлар 447 тани, икки йилгача бўлган муддатда 5531 та, уч йилгача бўлган муддатдагилари 11566 та, уч йилдан ортиқ бўлгани 13981 тани ташкил этмоқда. Ҳалиям бир йил оралиқ билан фарзандли бўлаётганлар бор, уларнинг сони оз эмас. Тўғри, бу рақам бундан 3-4 йил олдинги рақамлардан кескин камайган. Лекин шу тўрт юз нафар онанинг фарзандини саломат, момоларимиз айтгандай эсон-омон дунёга келтиришига ким кафолат беради. Тўғри, Паст Дарғомда шифокорлар етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларимиз бор эди. Туманларда кадрлар танқислиги масаласи ҳамон мавжуд. Бу масалада тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик кучайтирилаяпти. Туманда оналар ўлими содир бўлишиган ортидан бир нечта раҳбарлар ишдан бўшатилди ва бошқа чоралар кўрилди.
- Маълумотларга кўра, республикада ҳам бу кўрсатич ошганини кузатиш мумкин. Айтингчи, мазкур масала бўйича илмий бир хулосалар ҳам мавжудми?
- Республика миқёсида оналар ўлими билан боғлиқ ҳар бир ҳолат чуқур ўрганилмоқда, таҳлил этиляпти. Ҳозирча изланишлар давом этаяпти, аммо булар аниқ хулосалар эмас. Яхши биласиз, бутун дунё ковид вирусини бошидан ўтказди, ўтказаяпти ҳам. Ўша пайтлардаёқ дунё олимлар унинг асоратлари ҳали қандай бўлишини ҳеч ким аниқ айтолмайди, дея башорат қилганди. Бу тахминлар бугун тиббиёт соҳаси вакиллари томонидан тўпланаётган баъзи статистикаларда ўз ифодасини топяпти. Баъзи хасталиклар сони ортиб кетганининг сабаблари айнан ковид туфайли, деган хулосага аллақачон келиб бўлинди. Афсуски, оналар ўлими бўйича кузатилган баъзи ташхислар ҳам ҳозирча шундай тахминларни бермоқда. Чунки ҳомиладорликнинг барча босқичларида врачлар назоратида бўлиб, туғруқ пайти аҳволи кескин ёмонлашаётган, қон кетиш ҳолатлари учраётган аёлларни кузатяпмиз.
- Аҳолига бундай пайтда кўпроқ қандай тавсияларни берган бўлардингиз?
- Биринчи навбатда юқорида таъкидлаганимдай, аёл оналикка тайёрланиши керак, фарзандлари оралиғидаги муддат бир, икки эмас, уч йил бўлса мақсадга мувофиқ. Доимий равишда организмидаги витамин етишмовчилигини тўлдириб бориши, ҳали қиз бола пайтиданоқ табиий, витаминли маҳсулотларни истеъмол қилиб, организмини тайёрлаб бориши лозим. Чунки бизда турмуш қургандан сўнг организмини оналикка тайёрлаш ҳақида гапириб бўлмайди. Агар шундай бўлса нур устига аъло нур. Ҳомиладорликда кузатилаётган чарчоқларга эътиборсиз бўлмаслик, аммо доимий ҳаракатсиз ҳам қолмаслик лозим. Айниқса, она бўлаётган келинларни бутун оила қўллаб туриши жуда муҳим.
- Гўдаклар ўлими билан боғлиқ масалаларда ижобий рақамларга кўзимиз тушди. Аммо уларнинг ҳар бири барибир оғриқли. Бу борада олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Алоҳида таъкидлашни истардим, буён содир бўлган ҳар бир она ва гўдак ўлими ҳолати ҳокимлик соатида вилоят ҳокими томонидан муҳокама қилиниб чора-тадбирлар белгиланмоқда. Камчиликларга йўл қўйган барча масъул раҳбарга нисбатан кескин чоралар кўрилмоқда.
Шунингдек, туғруққа кўмаклашувчи муассасалардаги ходимларнинг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида республика ихтисослашган она ва бола саломатлиги илмий-амалий маркази вилоят филиалидан туманларга ва оғир туманлардан марказга ходимларни уч ой муддатга алмаштириб ишлатиш амалиёти йўлга қўйилди.
Ушбу амалиёт дастлаб Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмасида қўлланилди ва бу ўз самарасини бермоқда.
Энг асосийси, бемор болаларнинг вилоят болалар кўп тармокли тиббиёт марказига аксарият ҳолларда транспортировка вақтида оғирлашиб келишининг олдини олиш ва болалар ўлимини камайтириш мақсадида Ургут, Булунғур, Самарқанд, Нарпай, Пайариқ, Пастдарғом туманлари ҳамда Каттақўрғон ва Самарқанд шаҳарларида маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда болалар реанимацияси бўлимлари ташкил этилди.
Йил якунига қадар қолган 8 туманда шундай бўлимлар фаолияти йўлга қўйилади.
Бу каби чоралар туфайли билан бирга, бир ёшгача бўлган гўдаклар ўлими ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 45 тага, беш ёшгача болалар ўлими ўтган йилга нисбатан 66 тага камайишига эришилди.
Яна бир яхши янгилик, шу йилнинг ўзида вилоят туғруқхоналарида қўшимча жойлар ажратилмоқда. 150 ўринли туғруқхоналар баъзида 250 нафар ҳомиладор аёлни қабул қилаётган тиббиёт муассасалари учун бу жуда муҳим аҳамиятга эга. 2027 йилга қадар ўринлар сони 566 тага етиши режалаштирилган. Шунингдек, шу йил барча туғруқ муассасалари қўшимча тиббий ускуналар билан жиҳозланади.
Дунё бўйича оналар ва болалар ўлими энг кам кўрсаткич ҳисобланган Беларус давлати билан ҳамкорлик ишларини бошлаганмиз. Шифокорларимизнинг тажриба алмашиши, уларнинг бу ерда ўз кўникмаларини ўргатиши бўйича келишувларимиз бор.
- Суҳбатингиз учун раҳмат.
Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.