Оқдарё туғруқхонасида бир кун ҳомиладорлар хасталиги бўйича ўнлаб фикрларини юзага чиқарди

Ярим тун, соат 2:00 да туғруқхонага шошилиб кириб келган ёш келин-куёвни шифокорлар ажабланиб қабул қилишди. Улар фарзанд кутаётганга ўхшамасди, қолаверса, бемор кўриниши ҳам йўқ эди ёш келинда. Бу ёш келин-куёвни ярим тунда Оқдарёдаги туғруқхонага келишга нима мажбур қилди?

Шифокорларнинг айтишича, улар фарзандли бўлган ё бўлмаганлигини аниқлаш учун тест қилдирган, аммо унинг натижасини тушунмай, шифокорлардан маслаҳат олиш учун келган экан. Бу ёшларнинг фарзандли бўлишга қизиқиши ҳамда ҳомиладор аёлларга нисбатан оилаларда эътибор кучайганидан далолат беради, дея таъкидлашди шифокорлар.

Фақат бу эмас, Оқдарёда 2018 йилда қуриб фойдаланишга топширилган туғруқхона бўлими шифокорлари билан суҳбатлашганимда оналар саломатлиги, ҳомиладорлар ўртасида учраётган хасталиклар, яратилган шароитлар бўйича жуда кўп фикрларни билдиришди.

Янги туғруқхона, зўр шароит, ўринлар ҳамон кам…

- Янги қуриб ишга туширилган туғруқхонада барча шароит муҳайё эканлигидан табиийки аҳоли хурсанд, - дейди Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлими мудири Ҳулкар Равшанова. - Лекин туғруқ бўлимидаги 95 койкада юздан зиёд оналар бор. Ёз ойларида бу кўрсаткич 140 нафаргача етади. Гинекология бўлими эса 15 ўринга мўлжалланган бўлса, ҳозир 25 нафар она даволаняпти. Даволаниш учун келган оналарни қайтариб юборишга ҳаққимиз йўқ. Шунинг учун ҳатто, врачлар хонасини ҳам палатага айлантиришимизга тўғри келди. Тўғри, ҳозир карантин пайтида фақат парваришга муҳтожлар даволанмоқда. Аммо бошқа вақтда аҳвол жиддийроқ.

«Нега янги қурилган туғруқхонада ўринлар сони илгаригидай кам?», деган саволимга бўлим мудири лойиҳа анча олдин тузилган, балки шунинг учундир, деб жавоб берди. Агар мулоҳаза юритадиган бўлсак, Оқдарё туманига қарашли Даҳбед ва Бешдархон ҳудудлари аҳолиси туғруқ учун туман марказига эмас, Самарқанд шаҳрига келишади. Жойлашув жиҳатидан уларга шу қулай. Бу каби муассасалар қурилишда аҳолининг ўсиш кўрсаткичи наҳотки эътиборга олинмаган бўлса?

Ҳомила нега ривожланмай қоляпти?

Яқинда врачлар ҳузурига келган қайнота келинининг ҳомиласи кетма-кет нобуд бўлаётганидан шикоят қилди. Бунда шифокорларни айблади, ҳатто. Агар шифокорлар айбдор бўлмаса, унда нега бу ҳолат содир бўляпти, дея келинининг «айби»ни исботлаб беришни талаб қилди.

- Кейинги пайтларда ҳомиладор аёлларда ҳомиланинг ривожланмай қолиши кўп учраяпти, - дея суҳбатни давом эттиради Ҳ.Равшанова. – Авваллари асосан икки ойликкача ҳомиланинг тушиш ёки бошқа бир нуқсонли жиҳатлар аниқланган бўлса, ҳозир олти ойликда ҳам ҳомиланинг ривожланмай қолиб, она қорнида нобуд бўлиши учраётир. Гарчи бу ҳомиладор аёллар ўз вақтида врач кўригидан ўтиб турган бўлишига қарамай, бу ҳолатнинг юз бераётганига турли инфекциялар сабаб, деб ўйлайман.

Дарвоқе, туманда инфекцияларни текшириш учун тегишли ускуна йўқ, фақат хусусий клиникадагина бундай имконият мавжуд экан.

Чақалоқларнинг ўнтадан еттитаси муолажага муҳтож

Бундан икки-уч йил илгари туғруқхоналардаги шароит билан танишиш мақсадида борганимда аксарият ҳолларда чақалоқлар бўлимидаги замонавий жиҳозланган палатада деярли гўдаклар бўлмасди. Бу сафар бошқача ҳолатга дуч келдим: хонадаги барча замонавий бейбитерм деб номланувчи, болага етарлича ҳаво ҳароратини таъминлаб, дори-дармонларни узлуксиз етказиб турувчи жиҳозларнинг барчасида гўдаклар ётқизилган экан. Эҳтимол, электр энергиясининг узлуксизлиги туфайлидир. Неантолог шифокор бунга яна қўшимча фикрларни ҳам билдирди.

- Афсуски, бугун туғилаётган чақалоқларнинг ўнтасидан етти нафари қўшимча муолажаларга, парваришга муҳтож, - дейди неантолог шифокор Соима Маматова. – Бунинг сабаблари жуда кўп. Оналарнинг соғлом эмаслиги, организмдаги турли инфекцияларни ўз вақтида даволамаслиги бунга сабаб бўлмокда.

Айтиш керакки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби оналар соғлиғининг бошланғич даврида муҳофаза қилиш учун тизим бор. Қишлоқ врачлик пунктидаёқ назоратга олинган ҳомиладор аёллар доимий равишда врач назоратида бўлиб туради. Вақти келгач, туман скрининг хонасида кўрикдан ўтади. Агар бу ҳам етарли бўлмаса, вилоят скрининг марказига жўнатилади.

Вилоят шифокор-олимлари  нима дейди?

Оқдарёлик шифокорлар айтаётган муаммолар биргина ушбу туманда эмас, бошқа ҳудудларда ҳам кўп учраётир. Бу ҳолатлар олимлар томонидан ўрганиляптими, нима учун ҳомила ривожланмай, она қорнида нобуд бўлмоқда? Бунга ростдан ҳам фақат инфекция сабабчими ёки бошқа ҳолатларми?

- Инсон организмини ўрганиш бўйича фундаментал билимлар ўзгармаса-да, аммо тиббиётда даволаш ишлари йилдан-йилга такомиллаштириб борилмоқда, - дейди Самарқанд давлат  тиббиёт институти 1-акушерлик ва гинекология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Дилдора Худоёрова. – Замонавий диагностика самарадорлигининг ошиши, янги препаратларнинг ишлаб чиқилаётгани касалликларни даволашда, хусусан, оналар саломатлигини муҳофаза қилишни ҳам жаҳон стандартларига мос тарзда такомиллаштириб боришни тақозо қилади. Ушбу стандартлар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам жорий этилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

Табиийки, ўз устида ишлаб, янгиликлардан доимий равишда бохабар бўлаётган врач бу стандартларни қўллаши керак. Афсуски, юқорида бўлаётган барча янгиликлар қуйи тизимга етиб бормаслиги, шифокорларнинг ўз устида ишлашига имкон бўлмаслиги, врачлар малакасини ошириш курслари бугунги кун талабига жавоб бермаслигини кўпчилик яхши билади. Бу масалада институтимиз, хусусан, кафедрамиз ўқитувчиларининг лойиҳалари бор. Мисол учун, вилоятда симуляцион марказ ташкил этилса, нафақат оналик ва болалик масалалари, балки тиббиётнинг бошқа соҳалари бўйича шифокорларнинг ўзаро тажриба алмашинувини жойида ўтириб, онлайн тарзда амалга ошириш мумкин. Шунингдек, бугун гарчи скрининг текширувлари натижасида ташқи нуқсонлар аниқланаётган бўлса-да, ақлий ривожланишдан ортда қолиш каби ички хасталикларни ҳомиладорлигидаёқ аниқлайдиган ускунанинг Самарқандда мавжуд эмаслиги бироз муаммо. Ушбу жиҳоз фақат пойтахтда бўлиб, ундан ўтишга барчанинг ҳам имконияти етарли эмас, нархи қимматроқ. Шунинг учун лойиҳамиз тасдиқланиб, мазкур жиҳоз вилоят учун ажратилса, нуқсонли болалар туғилишининг олдини олишга хизмат қиларди.

- Ҳомила ўз вақтида ривожланмай нобуд бўлишига турли инфекциялар ҳам сабаб бўлиши мумкин, - дейди тиббиёт фанлари номзоди Гулнора Элтазарова. - Қолаверса, кўплаб хасталиклар ҳам таъсир қилади. Аммо бош омиллардан бири она организмининг етарли қувватга эга эмаслигидадир. Бугунги экология, сунъий озиқ-овқатлар истеъмоли организмга ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Аксарият оналар ҳамон анемиядан азият чекади. Бугун оналарни табиий маҳсулотлардан кўпроқ, ўз вақтида истеъмол қилишга чақирамиз. Умуман, фарзандларимиз учун соғлом овқатланиш тартибини ёшликдан йўлга қўймас, табиий маҳсулотлар истеъмолига ўтмас эканмиз, нафақат оналар, балки аҳоли ўртасида ҳам касаллик ҳолатлари кўпайиб бораверади. Лойиҳада бу рацион ҳақида батафсил тўхталганмиз. Қишлоқ аҳолиси ҳовлисига турли мевали дарахтларни экиб, ўстириши, мева қоқиларини истеъмол қилиши витаминлар манбаи. Ҳомиладорлик пайти оналар организми бугунги кунда барибир қўшимча озиқалар, микроэлементларга муҳтож. Инфекциялар ҳам ҳомиланинг ривожланмай қолишига сабабчи бўлиши мумкин, аммо она соғлом бўлса, инфекциянинг ҳам кучи етмайди.

Гулруҳ МЎМИНОВА,

«Зарафшон» мухбири.