Самарқанд шаҳрида “Касблар фестивали” ўтказилди
Самарқанд шаҳридаги марказий истироҳат боғида 5 май – Касб ва меҳнат куни муносабати билан “Касблар фестивали” тадбири ташкил этилди.
Фестивалда вилоятимиздаги барча касб-ҳунар коллежлари ва техникумлар ўзларидаги мавжуд касб йўналишлари билан қатнашиб, умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларини касбга йўналтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борди.
- Хитой ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш доирасида Самарқанд халқаро коллежи ташкил этилди, - деди келлеж ректори Shu Shu. – Коллежимиз Иштихон туманида жойлашган бўлиб, бу йил сентябрь ойидан ўқувчиларни ўқишга қабул қиламиз. Таълим жараёнида илғор халқаро стандартлар жорий этилган ҳолда Хитойнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда юқори малакали кадрлар тайёрланади. Талабалар 1+1, 2+2, 1+3 дастурлари бўйича таълим олади, яъни бир йил коллежда, бир йил Хитойдаги ўқув даргоҳида мехатроника, сунъий интеллект, ахборот хавфсизлиги, электрон тижорат каби замонавий касбларга ўқитилади. Хитой тили ҳам ўргатилади.
Касблар фестивалида “Дуал таълимни ташкил этишнинг афзалликлари мавзусида иш берувчи корхоналар ва ташкилотлар ҳамда касбий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликлар йўлга қўйилди ва ўзаро шартномалар имзоланди. Хорижда малака оширган ишлаб чиқариш таълими усталарига сертификатлар топширилди.
Касблар фестивалида вилоят ҳокими Адиз Бобоев ва соҳа мутахассислари қатнашди.