Янги туғилган чақалоқлар нега кўп қайт қилади?
Тўрт ойликкача бўлган гўдакларнинг 65 фоиздан кўпроғи кунига ҳеч бўлмаганда бир марта эмган сутини қайт қилади. Чунки гўдакларнинг ошқозон-ичак йўли тузилиши ва ишлаши қайт қилишга мойил бўлади. Ёш оналар бу ҳолатдан ваҳимага тушиши, хавотирланиб боланинг саломатлигига салбий таъсир қиладиган ҳаракатлар қилишлари мумкин.
Уларга керакли маслаҳат ва тавсияларни бериш мақсадида ССВ матбуот хизмати Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Камола СОЛИҲОВАга мурожаат қилди:
— Бир неча ойлик гўдакларнинг қайт қилиб туришига сабаб нима? Бу унчалик хавотирли эмасми?
— Гўдак ошқозони горизонтал ҳолатда, қизилўнгач қисқа ва тўғри, ошқозонга киришни беркитиб турадиган сфинктер-мушак етарлича ривожланмагани туфайли истеъмол қилинган овқат осонлик билан ошқозондан қизилўнгачга, ундан эса оғиз бўшлиғига тушади.
Овқат ҳазм қилиш учун жавобгар баъзи ферментларнинг етишмаслиги, шунингдек, муддатидан олдин туғилган ва кам вазнли гўдакларда кўпроқ кузатиладиган нафас олиш, сўриш ва ютиш жараёнларининг етарлича ўзаро мувофиқлашмаганлиги ҳам қайт қилишга мойилликни оширади.
Бола ўса боргани сари овқат ҳазм қилиш тизими тўлиқ шаклланади. Шундан сўнг қайт қилиш ўз-ўзидан камаяди. Бунгача эса бола гарчи соғлом бўлса-да, овқатлантириш пайти, овқатлантириб бўлингач ёки ун¬дан бироз ўтиб эмган сутини кайт қилиб туриши мумкин.
Кичкинтой ривожланишдан ортда қолмаса, қайт қилиши онда-сонда, кўп миқдорда бўлмаса хавотирланишга асос йўқ. Негаки, бу физиологик ҳол ҳисобланиб, бола 6-8 ойлик бўлгунича ўтиб кетади.
— Гўдакнинг қайт қилиши қандайдир касалликларнинг белгиси бўлиши ҳам мумкинми?
— Қайт қилиш турли касалликларнинг белгиси бўлиши мумкин. Гўдакда неврологик бузилишлар бўлганида қайт қилишлар сони одатдагидан кўпаяди. Тишлари чиқаётганида ҳам бола тез-тез қайт қилиб туради.
Болада қайт қилиш билан бирга тана ҳароратининг баландлиги ва суюқ ич кетиши рўй берса, бу ичак инфекциясининг белгиси эканлиги эҳтимолдан холи эмас. Қайт қилишлар баъзан ошқозон-ичак йўли ривожланишида нуқсонлар борлигидан дарак беради.
Шифокор кўригидан ўтгандан сўнг болага аниқ ташхис қўйилади. Агар қайт қилиш доимий тус олса, олдини олиш учун қилинган чора-тадбирлар ёрдам бермаса, бола кўп миқдорда қайт қилаётган бўлса, ўзини ёмон ҳис қилса, уни шифокор кўригига олиб бориш зарур.
Овқатлантириш қоидаларига амал қилинса ва ҳеч бир касаллик аниқланмасада кўп қайт қилиш сақланиб қолаверса, оила шифокори ва педиатр тавсияси билан антирефлюкс аралашмалар буюрилади.
Ишлаб чиқарилаётган махсус аралашмалар таркибида турли қуюқлаштирувчилар бўлиб, улар овқатни ошқозонда ушлаб қолади ва қайт қилинишининг олдини олади.
Аралашмалар қайт қилишлар тугагунича бола таомномасига қисман киритилади. Камдан кам ҳолатлардагина болага сут ва оддий аралашма урнига фақат антирефлюкс аралашма бериш учун эҳтиёж туғилади.
Аралашма бериш давомийлигини педиатр аниқлайди. Зарур деб топилган ҳолларда оила шифокорлари ошқозон-ичак йўлининг ишини меъёрлаштирувчи дори воситаларини ҳам буюриши мумкин.
Кўп ҳолларда болани тўғри овқатлантириш қоидаларига амал қилиш орқали қайт қилиш билан боғлиқ муаммони бартараф этса бўлади.