Элмира Боситхонова: Бир ҳафталик чақалоқлар ҳам коронавирусга чалинмоқда
Айни пайтда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясида «Вакцина – саломатлик ва чекловларсиз ҳаёт» мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтмоқда.
Унда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова коронавирус болаларда аниқланаётгани ҳақида айтиб ўтди.
"Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида ўтган йили болалар бўлими очилмаган эди. Бунга сабаб коронавируснинг аввалги штаммлари болаларда жуда кам аниқланган эди. Бугунга келиб ушбу шифохоналарда болалар бўлимини ташкил этишга тўғри келди. Бу болаларда коронавируснинг кўпроқ аниқланаётгани билан боғлиқ.
Янги туғилган чақалоқни ҳамма қўлга олиб кўришга уриниши билан боғлиқ одатлар сабаб ҳатто бир ҳафталик чақалоқлар ҳам коронавирусга чалиниш ҳолатлари учрамоқда. Бу борада янги туғилган чақалоқни 40 кун чиллада сақлаш каби урф-одатларимиз уларни коронавирусдан ҳимоя қилиш омили бўлиши мумкин", деди Элмира Боситхонова.