12 та рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинади

Бу орқали тадбиркорлар бир йилда ўртача 26 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ тежайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг охирги ялпи мажлисида ўнга яқин масала кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.  Жумладан, “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишда ваколатли органлар масъулиятини ошириш, шунингдек лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларининг янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Мазкур лойиҳа билан Божхона, Иқтисодий процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”, “Давлат божи тўғрисида”, “Экспорт назорати тўғрисида”, “Туризм тўғрисида”ги қонунларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

ИИБ ходимига ҳам маъмурий чора кўрилади

Олинган маълумотларга кўра, Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан 2023-2024 йиллар давомида 12 минг 471 та, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий органларида томонидан 919 та, божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан эса 38 та, Мудофаа вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан фақат 2024 йилда 269 та қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.

Албатта, аниқланган ҳолатлар бўйича тақдимнома ва огоҳнома киритилган. Энди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун ҳарбий хизматчилар, шунингдек ички ишлар органларининг ҳамда Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларини умумий асосда маъмурий жавобгарликка тортиш белгиланмоқда. Яъни, давлат хизматини кўрсатишда қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйиладиган бўлса, у ким бўлишидан қатъий назар жазоланиши керак.

Хизмат кўрсатиш тартиби бузилмасин!

Аслида қонунчиликдаги асосий мақсад шу - хизмат кўрсатиш тартиби бузилмасин! Лекин гоҳида турли сабаблар билан бу борада қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилади. Тўғри, бунинг учун жавобгарлик чоралари кўзда тутилган.

Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 230-моддаси учинчи қисмига асосан тиббиёт муассасасининг мансабдор шахслари томонидан туғилишни ва ўлимни ўз вақтида қайд этишни таъминлаш чораларини кўрмаганлик, худди шунингдек туғилганлик тўғрисидаги тиббий маълумотномани ёхуд ўлим ҳақидаги, шу жумладан перинатал ўлим тўғрисидаги тиббий гувоҳномани нотўғри ва (ёки) ноаниқ тўлдирганлик учун жавобгарлик белгиланган.

2024 йилда туғилишни қайд қилишда тиббиёт муассасалари томонидан 41 минг 186 та қонунбузилиши (муддат бузилиши) ҳолатларига йўл қўйилган.

Ўлимни қайд қилишда тиббиёт муассасалари томонида кузатилган бундай ҳолат 2 минг 371 тани ташкил қилган.

Тўғри, биринчи ҳолат бўйича 319 нафар, кейингисида эса 90 нафар тиббиёт муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимларига нисбатан маъмурий жарима қўлланилган.

Ўрганишларда давлат хизматини кўрсатиш тартиби бузилганда жавобгарлик масаласида турли номувофиқликлар борлиги аниқланган. Шу боис, айрим давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари мувофиқлаштирилмоқда. Бу билан давлат хизматини кўрсатишда сифат ва самарадорликка эришилади.

Кўлами кенг ўзгартиш

Янги қонун билан 12 та лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомили бекор қилинаётганини шундай номлаш мумкин.

Масалан, ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомаласи соҳасидаги фаолият учун лицензия; экспорт назорати объектларини олиб чиқиш учун рухсатнома олиш шарт бўлмайди.

Мазкур 12 та рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилиниши натижасида йилига ўртача 1,8 мингдан ортиқ тадбиркор 26 миллиард сўмдан кўпроқ маблағини тежайди.

Бундан ташқари, нефть маҳсулотларини реализация қилиш учун аввал хабарнома бўлган тартиб-таомил рухсат бериш тартибига ўтказилмоқда.

Шунингдек, ёнғинни автоматик тарзда ўчириш ва ёнғин сигнализацияси қурилмаларини монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш фаолияти учун лицензия олиниши белгиланмоқда.

Қонунчиликка қурилиш лойиҳалари экспертизасини ўтказиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун гувоҳнома олиш шарт, деган норма киритиляпти.

Ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддаларни (маҳсулотларни) сақлаш учун объектнинг (омборнинг) ёнғин ва саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида эса хулоса билан иш бошлаш мумкин бўлади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш жараёнларини соддалаштиришга, ортиқча бюрократик талабларни қисқартиришга ҳамда мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилади.

Диёр ҲУСАНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.