15 апрель - Маданият ва санъат ходимлари куни сифатида белгиланмоқда
Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси кун тартиби доирасида “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди.
Маданият вазирлиги, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Театр арбоблари уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклифларини ҳисобга олиб, маданият ва санъатнинг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қонун билан 15 апрель Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни сифатида белгиланмоқда.
Айна пайтда дунёнинг кўплаб давлатларида ушбу сана Халқаро маданият куни сифатида нишонланади. Хусусан, 2008 йилдан Италия, Испания, Россия, Аргентина, Мексика, Куба, Латвия ва Литва каби давлатларда 15 апрель – Халқаро маданият куни тантана қилинади.
Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришган юртдошларимиз айнан мана шу байрам кунида “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан такдирланиши кўзда тутилган.
Қонун юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.