2020 йил 20 ноябрдан 30 ноябрга қадар коллеж ва техникумларга саралаш имтиҳонлари бўлиб ўтади
Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг 7-сон баёни қарорига мувофиқ 2020 йил 20 ноябрдан 30 ноябрга (шу куни ҳам) қадар коллеж ва техникумларга саралаш имтиҳонлари ўтказилади.
Коллеж ва техникумларнинг 178 тасида тест синовлари, 176 тасида эса ёзма имтиҳон шаклида, спорт соҳасидаги коллеж ва техникумларда касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилади.
Коллеж ва техникумларда 60 та йўналишда тест синовлари ўтказилади. Тест синовлари 195 836 нафар абитуриентдан, ёзма имтиҳонлар эса 50 649 нафар абитуриентга ўтказилиши режалаштирилган.
Саралаш имтиҳонлари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Мазкур қарор билан профессионал таълим муассасаларида тест синовлари ёзма ва касбий (ижодий) имтиҳонлари ўтказилади. Тест синовларини ўтказиш манзили, ўтказиш графиги Давлат тест маркази билан ҳамкорликда тайёрланмоқда.
Тест синовлари асосан тиббиёт, педагогика, темирйўл, кончилик йўналишидаги коллежлар ва техникумларда ўтказилади.
Ёзма иш имтиҳонлари хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, енгил саноат, транспорт, ветеринария ва қурилиш йўналишидаги коллежлар ва техникумларда ташкил этилади.