Техникумларда сиртқи ҳамда кечки таълимни ташкил этиш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори (411-сон, 28.07.2022 й.) билан ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларида сиртқи ҳамда кечки таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида низомлар тасдиқланди.

Унга кўра, сиртқи ва кечки таълимга ўқувчиларни қабул қилиш:

- сиртқи ва кечки шаклда – бошланғич профессионал, касб-ҳунар коллежи, умумий ўрта (11-синф негизида) ёки ўрта махсус маълумот тўғрисидаги тегишли ҳужжатга;

- иккинчи ва ундан кейинги квалификация(лар) беришнинг сиртқи ва кечки шаклида – бир касб ёки мутахассислик доирасида иккинчи ва ундан кейинги квалификация(лар)ни эгаллаш учун тегишли касб ёки мутахассислик бўйича профессионал таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатга эга шахслар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўқувчиларга ўқувчилик гувоҳномаси бепул берилади.

Ўқув семестри якунигача сиртқи таълимда ўқиш мустақил, шу жумладан, масофадан туриб таълим олиш шаклида амалга оширилади.

Кечки таълимда эса ўқиш одатда кундузги сменадан кейинги вақтда аудитория машғулотлари (маъруза, амалий, лаборатория) шаклида ҳамда ўқувчиларни асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда мустақил, шу жумладан, масофадан туриб ўқитиш шаклида амалга оширилади.

Кечки таълимда ўқиш (кундузги таълимдан фарқли равишда) бир ҳафтада, одатда, 4-5 кун амалга оширилади ва ҳафталик ўқув соати ҳажми 20 соатдан ошмайди.

Сиртқи таълим ўқувчиларига ўқув сессиясида иштирок этиши, битирувчи босқич ўқувчиларига якуний давлат аттестацияларидан ўтиши, битирув малакавий ишини ҳимоя қилиши учун ишлаб турган жойидан камида 30 календарь кунлик ўртача ойлик маоши сақланган қўшимча таътил берилади.

Мазкур тартиблар Адлия вазирлигининг юридик техникумларига нисбатан татбиқ этилмайди.