Коллеж ва техникум ўқувчилари учун стипендия жорий этилиши мумкин

Бу бўйича Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, дуал таълим шаклини жорий қилган профессионал таълим муассасаларига ички имкониятидан келиб чиқиб ўқувчилар учун стипендия ёки моддий рағбатлантиришлар жорий этиш ваколати берилади.

Бунинг учун муассаса ўзининг тегишли бўйсинувдаги вазирлик ёки идора билан келишиши лозим.

Маблағларни таълим муассасаларининг ўзи қуйидагилар ҳисобига мустақил шакллантириши мумкин:

- бўш бўлган ўқув хоналари, ишлаб чиқариш устахоналарини ўқув курслари ташкил этиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун 5 йилгача бўлган муддатга ижарага бериш;

- муассасанинг ўқув-амалиёти жараёнида ишлаб чиқарилган маҳсулотларини (хизматларни) намойиш қилиш ва сотиш.

Профессионал таълим муассасаларига ўз таъсисчилигидаги масъулияти чекланган жамиятларни ташкил этиш ҳуқуқи берилади.

Қарор лойиҳасида стипендия ажратиш тартибини Молия вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2022 йил 1 августга қадар ишлаб чиқиши кўзда тутилган.