Коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш янада кучаяди

Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида кириб келаётган 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб ном берди.

Дарҳақиқат “инсонга эътибор”, “сифатли таълим” жумлалари бир-бирига ҳамоҳангдир. Зеро, сифатли таълим бўлса инсонга эътибор ошади. Инсонга эътибор яхшиланса, таълим сифати кўтариши таъминланади.

Президент ўз маърузасида таълим сифатини оширишга, хусусан, ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга катта эътибор қаратди.

Таълим сифати бевосита битирувчиларнинг замонавий малака ва касб-ҳунар кўникмасига эга бўлиши билан узвий боғлиқ эканини таъкидлади. Бу борада мавжуд 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги кўрсатилди. Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб янги дастур асосида ҳар бир вилоятда биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилиши, келгуси беш йилда эса барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олиниши белгиланди. Айни вақтда, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш мақсадида кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилиниши ва бу орқали янги замон инженерлари тайёрлаш тизимини яратиш вазифаси қўйилгани улкан ишларни бошланишидир.

Чунки замонавий инженерларсиз ишлаб чиқариш ривожланмайди, замонавий стандартларга мос маҳсулотлар яратилмайди, мамлакат экспорт салоҳияти кўтарилмайди.

Касб-ҳунарга эга бўлган инсон ҳаётда ўз ўрнини топади, аввало, кам таъминланган оилалар фарзандларида тадбиркорликка, бизнесга, пировард натижада даромад олишга йўналтирувчи билим, малака ва кўникмалар ҳамда компетенциялар шакллантирилади.

Буларнинг барчаси оддий одамларга даромад топиш учун яратилаётган улкан имконият. Даромад топиш учун эса, албатта, муайян касбни пухта эгаллаш талаб этилади.

Таълим сифатини оширишнинг асосий мезони педагогларнинг касбий ва педагогик маҳорати ҳамда маънавий етуклигини оширишга боғлиқ бўлганлиги сабабли уларнинг компетентлигини ошириш учун малака ошириш тизимини такомиллаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ғайрат Норқулов, 

Самарқанд вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи.