Худойназар Юнусов Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси академиги бўлди

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори, профессор Худойназар Юнусовга Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги фанлар академиясининг Президиум қарорига мувофиқ академик унвони берилди.

Мазкур унвон профессор Х.Юнусовнинг ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар соҳаларини ривожлантириш, замонавий илмий ёндашувларни таълим жараёнига татбиқ этиш, халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлашдаги беқиёс хизматлари учун берилди.

Х.Юнусов раҳбарлигидаги илмий мактаб нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий мамлакатларда ҳам кенг эътирофга сазовор бўлган. Домла раҳбарлигида 9 та фалсафа доктори ва 8 та фан доктори диссертацияси муваффақиятли ҳимоя қилинган.

У Россия, АҚШ, Португалия, Туркия, Жанубий Корея, Беларуссия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда ўтказилган халқаро илмий конференциялар ва симпозиумларда иштирок этиб, ветеринария, биотехнология ва чорвачилик соҳаларининг долзарб масалалари бўйича илмий маърузалар билан чиқиш қилган.

Олимнинг илмий мероси 470 дан ортиқ илмий ва услубий ишларни ўз ичига олади. Улардан 15 та монография, 17 та дарслик, 26 та ўқув қўлланма, 4 та патент, шунингдек, ўнлаб илмий мақолалар ва услубий тавсиялар нашр этилган. Профессор Х.Юнусов 6 та муаллифлик гувоҳномаси ҳамда 4 та маълумотлар базасига оид гувоҳнома эгасидир.