Бола қандай озиқ-овқатдан заҳарланади: Аутсорсерлар бу ҳақда нималарни билиши керак?

Самарқанд шаҳрида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси масъул вакилларининг мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлар билан мулоқоти бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бўлим бошлиғи Ирода Арипова мактабгача таълим ташкилотларига қандай озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш кераклигини тушунтирди.

- Аввало, давлат мактабгача таълим ташкилотларига озиқ-овқат маҳсулотлари эрталаб соат 6:00 дан соат 8:00 гача етказиб берилиши керак, - деди И.Арипова. – Тадбиркорлар истаган вақтда озиқ-овқат маҳсулотларини боғчаларга олиб боряпти, баъзилари кечки пайт қоровулга бериб кетяпти. Ваҳоланки, озиқ-овқат маҳсулотларининг вақтида етказилмаслиги ҳам унинг сифатини бузилишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, етказиб берилаётган маҳсулотлар ичида карам, лавлаги, сметана каби маҳсулотлар йўқ. Сут маҳсулотининг сифатини белгиловчи сертификат мавжуд эмас. Аслида, боғчаларга махсус қадоқланган идишларда сут маҳсулоти етказиб берилиши керак. Гўшт маҳсулотининг музлатилгани сотиб олинганда, бошқа музлатилмаслик шарти билан мактабгача таълим ташкилотларига тарқатилиши лозим. 

Бундан ташқари, тадбирда боғча таомномаси қандай бўлиши, ошпазлар махсус иш кийимида бўлиши ҳамда улар ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтказилиши шартлиги айтилди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов аутсорсерлардан боғча ошхоналарига қандай шарт-шароит яратиб берганини сўради. Маълум бўлишича, Каттақўрғон туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотининг ошхонасида музлаткич йўқ экан. Тадбиркор тез кунларда боғчага музлаткич олиб беришини айтди. Бошқа давлат мактабгача таълим ташкилотлари ошхоналаридаги мавжуд камчиликлар ҳам тадбиркорлар томонидан бартараф этиладиган бўлди.

Шунингдек, давра суҳбатида боғча ошпазларини ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш, аутсорсерлар ва санитария-эпидемиология ходимлари ҳамкорлигини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.