Самарқанд ва Массон: Илм, муҳаббат, мерос
ХХ аср Ўрта Осиё илмий ҳаётининг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири Михаил Массон деярли туғилганидан бошлаб онаси билан Самарқандда яшаган.
Михаил Массоннинг археологияга қизиқиши Самарқанддаги ўғил болалар гимназиясида таҳсил олган пайтларидаёқ, самарқандлик машҳур археолог ва ўлкашунос В.Вяткин қизиқувчан йигитни Афросиёб майдонидаги қазишмаларга жалб қилганида бошланган эди. Шунингдек, у 1908–1909 йилларда Улуғбек расадхонасида олиб борилган қазишмаларда қатнашган.
Айнан шу ерда, афтидан, М.Массоннинг ҳар ерида ўтган асрлар ҳиди таралиб турган қадимий тарихи ва ғайриоддий меъморий ёдгорликлари бўлган Самарқандга бўлган муҳаббати уйғонган. Кейинчалик олим сифатида у Самарқанд ҳақида "Ёдгорликлар шаҳри Самарқанд - Ўрта Осиёнинг Римидир", деб айтган эди.
1916 йилда Массон Самарқанд гимназиясини олтин медаль билан тугатди ва Петроград политехника институтида ирригация муҳандиси мутахассислиги бўйича ўқишга кирди. 1918 йилда Самарқандга қайтиб келган Массон Самарқанд вилояти музейи директори лавозимида ишлади. Унинг ҳаракатлари билан музей коллекцияси турли экспонатлар билан бойитилди.
Таниқли археолог ва шарқшунос олим Михаил Массоннинг шахсий архивида “Навоийлар давридаги Самарқанднинг меъморий қиёфаси” мақоласига илова қилинган фотосуратлар ўрин олган. 1942 йилга оид ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Миллий архивида сақланиб келинади.
Олим ўрта аср меъморлари томонидан яратилган ёдгорликларни археологик жиҳатдан текширишнинг такомиллашган методларини топиш ва татбиқ этишда беқиёс хизмат кўрсатди.
1944 йилда Тошкент шаҳрида илмий фаолиятининг 25 йиллигига бағишланган хотира тадбирида профессор М.Массон Самарқандда ўтказган йилларини эслаб, шундай деган эди:
- Туркистон — ҳозирги Ўрта Осиё менинг иккинчи ватаним! Мен рус халқи маданияти таъсирида тарбияланган бўлсам-да, Самарқандда улғайиб, камол топдим, унинг ёдгорликлари эса тақдиримни, мутахассис сифатида менинг ҳаёт йўлимни белгилаб берди.
Михаил Массон 1986 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.