26 миллион сўмлик пластик операциядан сўнг мижознинг бурни қийшайиб қолгани айтилмоқда
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабарига кўра, шунча маблағ эвазига фуқаролардан бири хусусий клиникада юз жарроҳлик амалиёти ўтказган. Аммо пластик операциядан мижознинг кўнгли тўлмаган, аксинча унинг бурни қийшиқ ҳолга келиб қолган.
Бемор мазкур жарроҳликка сарфланган пулни қайтаришларини сўраб бир неча бор пластик жарроҳликни амалга оширган шифокорга мурожаат қилади. Мурожаатлар самара бермагач, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги кўмаги натижасида бу масала истеъмолчи фойдасига ҳал қилинди, яъни 26 миллион сўмдан ортиқ маблағ истеъмолчига қайтарилди, дейилади агентлик хабарида.
Хабарда воқеа юртимизнинг қайси ҳудудида бўлганига аниқлик киритилмаган.