27 та объектга етказилган зарар учун 11,8 миллиард сўм тўланган

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан 563 та рухсат берувчи ва 1 962 та лицензия ёки рухсатнома бериш бўйича хизматлар кўрсатилган. 2022 йилдан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун барча рухсат этувчи ҳужжатлар “онлайн” тарзда расмийлаштирилади.

Лицензия ёки рухсатномалар сонини камида 30 фоизга қисқартирилиши ўз навбатида тадбиркорларга янада қулайликлар яратади.

Жорий йилда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан 27 та жисмоний ва юридик шахсга нотурар объектлар бўйича етказилган 11,8 миллиард сўм зарар қоплаб берилди.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига 69 483 миллион сўм (1 827 та), деҳқончиликда томчилаб суғоришни жорий этиш учун 56 438 миллион сўм (524 та) ҳамда шахсий томорқа хўжалигини ривожлантириш учун 2 889,8 миллион сўмлик (623 та) субсидия ажратилди.

2022 йилдан субсидиялар ажратишда мурожаатлар “Ягона дарча” тамойили асосида қабул қилиниши, жараёнда иштирок этадиган давлат идоралари сонининг 2-3 баробарга қисқариши ва тадбиркорларга қўшимча қулайликлар яратилишига олиб келади.