5 кунлик дам олиш кунларида аҳоли тарихий жойларда зиёрат қилмоқда
Наврўз байрами муносабати билан белгиланган беш кунлик дам олиш кунларида республикамиз бўйича ички туризмни ривожлантириш учун темирйўл, автойўл ва ҳаво йўллари, меҳмонхона ва сайёҳлик марказларида чегирмалар жорий этилди. Натижада аҳоли бу имкониятлардан фойдаланиб, саёҳатга чиқмоқда.
- Қўнғирот туманида боғчада ишлайман, - дейди қорақалпоғистонлик Бегимой Сайимбетова. - Бир неча ўқитувчи ва тарбиячилар билан 15 фоизлик имтиёздан фойдаланиб поездда Самарқандга келдик. Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбара-мажмуасида бўлдик. Зиёрат қилиб, руҳимиз енгил бўлди, кўнглимиз тоғдек кўтарилди.
- Оиламиз билан анчадан буён Самарқандга келишни ният қилгандик, - дейди Жиззах вилояти Зафаробод туманида яшовчи Ўктам Холдоров. - Кеча қариндошимизникига фарзандларим, набираларим билан келдик. Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Шоҳи Зинда мажмуаларидаги қадамжолар ва табаррук жойларни кўрдик. Энди саёҳатимизни Бухорода давом эттирамиз.