50 нафар ёшга блогерлик фаолияти билан шуғулланиши учун замонавий телефон берилади

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида иштирок этган ўқувчи-талабалар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар бўйича мурожаат қилди.

 

- Шаҳримизда йўловчи ташувчи транспортлар бетартиб ҳаракатланади, - деди Самарқанд шаҳридаги 20-мактабнинг ёшлар етакчиси Сайёра Бахриддинова. – Масалан, автобуслар қуёш ботгандан кейин қатновни тўхтатади, ҳайдовчилар ҳаракат давомида қўл телефонидан фойдаланиб, бир-бирларини қувлаб ўтишади. Автобусларни тез ҳайдаш, бекатларда узоқ вақт тўхтаб қолиш ёки шошганидан йўловчилар тушиб улгурмасидан ҳаракатланиш ҳолатлари турли кўнгилсизликларга сабаб бўлмоқда.

Вилоят ҳокими кўтарилган масала юзасидан мутасадди раҳбарларга вазифалар белгилаб берди.

- Бу каби муаммолар энг оғриқли масала, - деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. – Уларни ҳал этишда жамоатчилик назорати керак, албатта. Фурсатдан фойдаланиб, бир таклифни ўртага ташламоқчиман, яъни қалби қайноқ, юрагида ватанпарварлик туйғуси жўшган 50 нафар ёш йигит-қизга замонавий телефон аппарати олиб берилади. Улар блогерлик билан шуғулланиб, жамиятимизда учраётган муаммоли ҳолатларни суратга олиб, вилоятдаги телеграм гуруҳларига жойлаштириб боради. Мазкур муаммолар оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ёритилади ва ҳар бир масъул раҳбар шу муаммони вақтида бартараф этиш чорасини кўради. Энг фаол ишлаган ёшлар вакили ҳар ой якунида рағбатлантириб борилади.

Тўлқин СИДДИҚОВ.