Телеграм ижтимоий тармоғининг энг кўп кузатувчилари Эронда

Бу ҳақда Самарқанд юридик техникумида ташкил этилган журналист ва блогерларнинг малакасини ошириш ўқув машғулотларида айтилди.

Ўқув курсида вилоятда фаолият олиб бораётган ОАВ вакиллари ва блогерлардан иборат 30 нафар тингловчига Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази мутахассислари Шуҳрат Раҳмонов ва Маҳкам Воҳидовлар журналистика фаолиятининг ҳуқуқий асослари, ахборот ва сўз эркинлиги, халқаро ва миллий журналистика стандартлари ва бошқа шу каби мавзуларда маҳорат дарслари ўтмоқда.

- Биз жамиятда бўлаётган янгиликлардан турли оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлишимиз мумкин, - дейди юридик фанлари номзоди Ш.Раҳмонов. - Тўғри, бугунги кунда хабарлар аҳолига ижтимоий тармоқлар орқали тезроқ етиб бормоқда. Уларнинг кузатувчилари телевидение, радио ва босма нашрларга нисбатан ортганлиги ҳам бор гап. Масалан, телеграм ижтимоий тармоғининг энг кўп кузатувчилари Эронда. Ахборотни қайси манбадан олиши унинг ҳуқуқий билимига боғлиқ. Аҳолини янгиликлардан хабардор қилиб борувчи ОАВ вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор. Ўтказилаётган ўқув курсининг мақсади ҳам самарқандлик журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий билимини оширишдир.

"Ахборот олиш, қайта ишлаш ва тарқатишда журналистларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари" мавзусидаги ушбу машғулотлар уч кун давом этиши режалаштирилган.