65 нафар юртдошимиз «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони билан тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 мартдаги «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги қарори билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маданият ва санъат соҳасида узоқ йиллардан буён фидокорона хизмат қилиб келаётган жонкуяр ходимларни рағбатлантириш мақсадида «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони таъсис этилди.

Бугун, 13 декабрь куни Маданият вазирлигида мазкур нишонга муносиб топилган ходимларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур қарор маданият ва санъат аҳли учун орзиқиб кутилган тарихий воқеа бўлди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан ушбу соҳада ватанпарварлик билан хизмат қилиб келаётган маданият ва санъат аҳли ушбу ҳодисани катта қувонч ва ўзгача фахр билан кутиб олди. Ўз навбатида, кўкрак нишонининг таъсис этилиши Ҳукуматимиз томонидан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибордан далолат беради.

Мазкур кўкрак нишонининг таъсис этилиши билан республикамизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, Ўзбекистон маданияти ва санъати ривожига катта ҳисса қўшган таниқли санъаткорлар, дунё саҳналарида иқтидорини муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшлар ва уларнинг устозлари, маданият ва санъат соҳасида малакали кадрлар тайёрлашда жонбозлик кўрсатаётган тажрибали, етук ҳамда фидойи маданият ва санъат соҳаси вакилларини муносиб тақдирлаш тизими йўлга қўйилди. Кўкрак нишони Янги йил байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тантанали равишда топширилади.

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар. Таъкидлаш жоизки, ушбу қарор чинакам маънода узоқ кутилган ҳамда ўз номи билан санъат ва маданият соҳаси фидойиларига кўрсатилган юксак эҳтиромнинг ифодаси, йиллар давомида ушбу йўлда меҳнат қилган инсонларга муносиб рағбатдир.

Кўкрак нишонини эгаларига Маданият вазири Б.Сайфуллаев топшириб, уларни самимий муборакбод этди. Ўз навбатида, тақдирланганлар ҳам ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.

 

«Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони совриндорлари орасида Самарқанд вилоятидан қуйидагилар бор:

 

Пардаев Туйма - Самарқанд вилоят мусиқали драма театри саҳна устаси.

Бобоназарова Халима - Нарпай туманидаги 13-болалар мусиқа ва санъат мактабининг анъанавий дутор синфи ўқитувчиси.