Адиз Бобоев Хитойнинг Шандун ва Шенси провинциялари вакиллари билан учрашув ўтказди

1-2 июнь кунлари Самарқандда ўтказилаётган Ўзбекистон-Хитой иккинчи ҳудудлараро форуми доирасида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Хитой Халқ Республикасининг Шандун провинцияси губернатори ўринбосари Сон Жунжи билан учрашди.

А.Бобоев мазкур учрашув мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик доирасида ҳудудлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим эканлигини таъкидлади. Икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги мунтазам мулоқотлари туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани қайд этилди.

Шандун – Хитойнинг тарихий, саноат ва инновация жиҳатдан етакчи провинцияси ҳисобланади. Самарқанд вилояти ва Шандун провинцияси ўртасида 2022 йил август ойида имзоланган ҳамкорлик келишуви бугунги кунга келиб амалий ва самарали йўналишларда ривожланиб бормоқда.

Вилоят раҳбари Шандун провинцияси билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, фармацевтика, қурилиш материаллари ва тўқимачилик соҳаларида инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, Самарқандда касбий таълим марказини ташкил этиш ва Шандун мутахассислари билан ўқув алмашинув дастурларини йўлга қўйиш борасида ўз таклифларини билдирди.

- Икки ҳудуд ўртасидаги маданий алоқаларни янада бойитиш мақсадида Самарқанд шаҳрида “Шандун маданияти кунлари”ни ташкил этиш ва икки ҳудуд университетлари ўртасида талабалар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш зарур, - деди вилоят раҳбари.

Шандун провинцияси губернатори ўринбосари Сон Жунжи сўнгги йилларда Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар ҳақида тўхталиб, хитойлик тадбиркорларнинг Самарқандга ташрифи шу пайтгача эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнларини жадаллаштириш ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини кенгайтиришда муҳим омил бўлишини айтиб ўтди.

Тадбир давомида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилиб, ишлаб чиқариш ва товар айирбошлаш борасида қатор келишувларга эришилди. Шандун провинцияси ва Самарқанд вилояти ўртасида ҳамкорлик меморандуми ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Шунингдек, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Ўзбекистон-Хитой иккинчи ҳудудлараро форуми доирасида Хитой Халқ Республикасининг Шенси провинцияси губернатори Чжан Ган билан ҳам учрашди.

Мазкур мулоқотдан кўзланган асосий мақсад ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборатдир. Маълумки, Шенси – Хитой цивилизацияси бешиги, буюк тарих ва бой маданий мерос маскани ҳисобланади. Айни пайтда Шенси провинцияси замонавий тараққиёт соҳасида ҳам Хитойнинг етакчи ҳудудларидан бири ҳисобланади. Илмий-тадқиқот марказлари, юқори технологияли кластерлари, саноат технопарклари, электрон компонентлар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги технологиялари, таълим ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги ютуқлар ушбу ҳудуднинг барқарор иқтисодий салоҳиятини оширмоқда. Шу билан бирга, транспорт ва логистика инфратузилмаси ривожи бўйича ҳам Шенси муҳим стратегик марказ саналади.

Вилоят раҳбари Адиз Бобоев провинциянинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда иқтисодий ҳамкорлик йўналишларини амалга оширишни таклиф этди. Булар Самарқанд вилоятида замонавий иссиқхона мажмуалари ва мева-сабзавотни қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш, Хитой бозори учун экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш, фармацевтика, электротехника, енгил саноат ва қурилиш материаллари соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш, “Ургут” эркин иқтисодий зонасида Шенси компаниялари учун махсус индустриал хаб яратиш, “Самарқанд – Шенси” йўналишида логистика марказлари ташкил этиш, Самарқандда касбий таълим маркази очиб, саноат корхоналари эҳтиёжлари учун мутахассислар тайёрлаш, инновацион технологиялар бўйича тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйишдан иборатдир.

- Биз Самарқанд ва Шенси ўртасида нафақат иқтисодий, балки маданий ва таълим соҳаларида ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз, - деди Адиз Бобоев.

Хитой Халқ Республикасининг Шенси провинцияси губернатори Чжан Ган учрашув чоғида ўзаро муносабатлар изчил ривожланаётгани, турли даражадаги ташриф ва учрашувлар мунтазамлик тусини олаётгани хусусида фикр билдириб, Самарқанд вилояти ва Шенси провинцияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш юзасидан Адиз Бобоевнинг берган таклифларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Учрашувда ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.