Адолат кўнгилга ором беради, ҳаётга иштиёқ уйғотади, бир-биримизни қадрлашга ўргатади

Адолат одамлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг энг олий тамойилларидан биридир. Бу сўз турли шахслар, ижтимоий гуруҳларнинг аҳамияти ва мавқеи, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, меҳнат ва рағбат, жиноят ва жазо ва бошқалар ўртасидаги мувофиқлик талабини ўз ичига олади.

Луғатларда «адолат» сўзига одилона ва холисона иш тутиш, ҳаққонийлик, одиллик деб изоҳ берилган.

Дарҳақиқат, бунақа тутум бор жойда низо ва жанжалга, ўксиниш ёки аламга ўрин қолмайди. Инсон очликка ҳам, йўқчиликка ҳам чидаши мумкин, бироқ адолатсизликка чидай олмайди. Бу бор гап ва энг кўп бор исботини кўрсатаётган нақл.

Адолатнинг катта-кичиги, ички-ташқиси бўлмайди. Нафақат ўзаро, балки халқаро муносабатларда ҳам адолатсизлик қандай кўнгилсизликларга олиб келаётганини кўриб, билиб турибмиз. Бинобарин, бугунги кундаги манфаатлар тўқнашувида бу унсур яққол кўзга ташланмоқда, яъни нафс истаги ёки шуҳратга интилиш унинг мезонига айланиб бораётганга ўхшайди.

Адолатсизликнинг оқибати шуки, унга дуч келган одам касбидан, ишидан совийди, жаҳлига, аламига эрк беради. Аламзада инсон учун кимдан аламини олишнинг фарқи йўқ: кўзига ҳамма ёмон кўринаверади, барчадан айб ахтараверади. Минг афсуски, биз бундай ҳолда унинг асл сабабини изламаймиз: андиша қиламиз ёки умуман эътибор бермай қўямиз. Маълум бўлишича, ўз ҳаётини тартибга сола олмаслик, ўзига бўлган муносабат учун ўч олиш истаги ва унга қарата қилинган адолатсизлик уни бора-бора шу кўйга солган бўлади.

Адолатсизлик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Унинг асоси ички интизом ва тарбиядир. Тарбияли одам ҳар қандай мансабда ҳам ҳаммага бир хил муносабатда бўлади. Тарбия кўрган одам оддий вазифада ҳам ўз ўрнини билади.

Адолатсизликнинг яна бир кўриниши бировларни эшита олмасликдир, яъни кибр ва шуҳратга интилишдир. Бундай ҳолатда киши билиб-билмай атрофдагиларга нисбатан қўполлик қилади. Бу каби муҳит бошқаларда ноқулай кайфият уйғотади. Оилада ҳам меҳнату муносабатингни ҳисобга олмаслик, эр-хотиннинг ўз ҳуқуқи ёки хизматини пеш қилиши оқибатнинг дарз кетишига олиб келади.

Адолат - бу ҳар кимнинг, ҳамма жойда ўз иқтидори, меҳнати, муносабатига яраша қадр топишидир. Албатта, бу осон иш эмас, чунки турфа феълдаги инсонлар орасида муносабатлар ҳам турлича бўлади. Баъзида истагимиз майли бизни адолатсизликка ундаши ҳам бор гап, кўнгил ороми учун бировнинг дилини оғритиб қўйишимиз мумкин. Аммо масаланинг энг оғир ва энг муҳим томони борки, биз кўпинча унга эътибор бермаймиз. Адолатни талаб қилган одам ўзи ҳам инсофли бўлмоғи лозим. “Мен вазифам, бурчимга, маошимга яраша ишлаяпманми? Мен бировнинг ҳақига шерик бўлмаяпманми? Мен бировнинг кўнглини бесабаб оғритиб қўймадимми?", деган саволлар ҳамиша хаёлимизда бўлиши шарт.

Шу ўринда ёзувчи Назар  Эшонқулнинг «Мендан «Мен»гача» тўпламидаги “Ғарб файласуфлари ва олимларининг аниқлашича, одамдаги энг заиф туйғу унинг адолатпарастлигидир”, - деган цитатасини кўчириб олишга жазм қилдим.

Адолат кўнгилга ором беради, ҳаётга иштиёқ уйғотади, бир-биримизни қадрлашга ўргатади. Шундай экан, адолатли бўлайлик.

Баҳора Муҳаммадиева.