"Адолат" СДП тарафдорлари сони ортмоқда
Кеча партия вакиллари томонидан Ургут туманида имзоларни йиғиш жараёнлари ўтказилди.
Ургут туман тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган имзо йиғиш пунктида фуқароларга қулай бўлиши учун барча шароитлар яратилди. Жумладан, зарур замонавий ахборот технологиялари билан таъминланган пунктда сиёсий-ҳуқуқий соҳада тажрибали партия фаоллари билан ўзи танлаган партияни қўллаб-қувватлаш мақсадидаги фуқаролар билан фаол иш олиб бормоқда.
Тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосарлари - А.Холиқов, Л.Сайидова ҳамда туман Кенгаши раиси З.Абдураҳмонова партия фаолияти ҳамда устувор ғоялари, қолаверса, сайлов қонунчилигимиздаги сўнгги ўзгаришлар хусусида зарур тушунчалар берди.
Сиёсатга, жумладан, сайлов жараёнларига бефарқ бўлмаган ҳамда тенгдошларини бу каби тадбирларда фаол бўлишга тарғиб қилган Хуршид Насимов бугунги кунда «Адолат» социал-демократик партияси Ургут туман Кенгаши "Ёшлар қаноти" аъзоси ҳисобланади.
- «Адолат» социал- демократик партиясини ёшларга каттадан-катта имкониятлар эшигини очишга интилаётган сиёсий куч сифатида биламан, - дейди у. - Бунга партиянинг кўплаб лойиҳаларидаги иштироким чоғида гувоҳ бўлганман. Тадбирлар давомида, албатта, иқтидорли йигит-қизлар танланиб, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш чоралари кўрилади. Шу сабаб барча тенгдошларимга жамият келажаги учун партияни қўллаб-қуватлашни тавсия қиламан.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, партия вилоят Кенгаши 3400 нафар хайрихоҳлар имзосини тўлашни режалаштирган. Ургут туманида ўтказилган тадбир давомида "Адолат"чиларни сайловда иштироки учун 300 дан кўпроқ сайловчилар имзоси тўпланди.
Жараён партиянинг бошқа ҳудудий Кенгашларида ҳам аъзолар, депутатлар ва фаоллар иштирокида корхона ва ташкилотлар, ўқиш, яшаш ҳамда бошқа жойларда давом этмоқда.
Гулнафиса Абдимуродова.