Аҳолига газ сотиш қачон хусусий операторларга берилиши маълум қилинди
Ўтган йили республиканинг 14 та ҳудудида биттадан газ таъминоти объектлари хусусий секторга топширилиши юзасидан тегишли лойиҳа эълон қилинганди.
Истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газни етказиб беришда монополияни бекор қилиш, соҳага хусусий секторни жалб қилиш, энергия ресурсларининг бозор тамойилларини жорий этиш ва ресурсларнинг ҳисоб-китобини аниқ юритишни йўлга қўйиш, модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун хусусий инвестицияларни жалб этиш мақсадида ушбу лойиҳа эълон қилинганди.
Ишлаб чиқилган тартиб асосида табиий газ тақсимоти тизими 2024-2025 йилларда хусусий секторга ўтказиладиган пилот ҳудудларни аниқлайди. Ушбу ҳудудлардаги тизимни хусусий секторга ўтказиш юзасидан салоҳиятли компаниялар билан ўтказиладиган музокаралар натижаси бўйича аниқ шартлар асосида газ тақсимлаш тармоқларини хусусий секторга ўтказади.
Шунингдек, ҳужжатда газ таъминоти тизимида хусусий операторга топшириладиган айрим туманлар таъминоти бўлимлари пилот лойиҳаси сифатида танлаб олинган.
Жумладан, «Самарқандтумангаз» газ таъминоти бўлими хусусий секторга топширилиши кўзда тутилган. Суюлтирилган газ йўналишида эса Самарқандда «Ургуттумангаз» газ таъминоти бўлимлари танлаб олинганди. Аммо кейинчалик ушбу йўналишда ҳеч қандай хабарлар эълон қилинмади.
Бугун “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали томонидан ўтказилган матбуот анжуманида айни масала юзасидан ҳам маълумот берилди. Филиал директори ўринбосари Ваҳоб Ҳалимовга кўра, истеъмолчиларга газ етказиб бериш кейинги йилга бошланиши кутилмоқда. 2025 йилнинг май ойида Самарқандда бу борадаги хусусий шерикчиликнинг дастлабки босқичи йўлга қўйилади.