Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Вақф»: икки оилага янги уй, минглаб инсонларга мадад

Саховатпешалик халқимизга хос фазилат. Юртимизда ўзгаларга эзгулик ва яхшилик улашувчи мўминларимиз талайгина. Уларнинг қилаётган амалларини ҳақдорларга йўналтиришда эса “Вақф” хайрия жамоат фондининг алоҳида ўрни бор.

Вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят филиали масъуллари томонидан 2026 йил давомида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган фуқаролар, беморлар ва ёлғиз яшаётган нуронийлар ҳолидан хабар олиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

- Вақфнинг маъноси шариатда бир молнинг аслини сақлаб қолиб, ундан келадиган фойдани хайрия ёки жамоат манфаатлари йўлида сарфлаш демакдир, - дейди "Вақф" хайрия жамоат фонди вилояти филиали раҳбари Ёқубжон Мансуров. – Вилоятимизда ҳам Шоҳи Зинда, Имом Мотурудий, Хўжа Дониёр, Руҳобод каби 15 та диний-маданий объектларимиз жамоат фондимизга бириктирилган. Улардан тушадиган маблағ эҳтиёжманд, бемор, боқувчисини йўқотган, ёрдамга муҳтож аҳолига берилади. Шундай оилалардан икки нафари - Иштихон ва Нуробод туманларида оилага янги хонадон қуриб берилди. 450 та хонадонга керакли ёрдам кўрсатилди. 1000 га яқин етимлар ҳолидан хабар олинди. Йил аввалидан Жамоат фондининг ўзига вилоятимиз бўйича 200 та мурожаат келган. Уларга 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди закот йиғиш ва уни ҳақдорларга бериш билан ҳам шуғулланади.

Жамоат фонди томонидан Пайариқ туманида 100 та эҳтиёжманд оилага 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Қўшработ туманида «Маҳалла ободлиги ва меҳр-саховат” ойлиги доирасида 250 дан зиёд эҳтиёжманд хонадонга мактаб формалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган. Ноябрь ойида ўтказилган хайрия марафони доирасида эса вилоятимизнинг турли ҳудудларидаги 420 дан зиёд хонадонга ташриф буюрилиб, эҳтиёжманд оилалар, етимлар, оғир беморлар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва ёлғиз яшаётган нуронийларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда совға-саломлар топширилди.

Бу каби тадбирлардан кўзланган мақсад фақат моддий ёрдам кўрсатиш эмас, балки инсонларнинг дардига қулоқ тутиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашдан иборат.

- 2026 йил давомида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги томонидан ҳам диний-маърифий ишларни кўчайтириш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси ва маҳаллаларда соғлом муҳитни яратиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди, -дейди Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги матбуот котиби Жаҳонгир Аброров. - Хайру саховат, инсонпарварлик йўналишларида ҳам мингдан зиёд аҳоли ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, хонадонларига керак бўлган маиший техникалар етказиб берилди. Вилоятимизда аҳоли ўртасида соф исломий қадриятларни кенг тарғиб қилиш мақсадида 289 та масжидлар имом-хатиблари, отинойилар томонидан жума маърузалари орқали ҳалоллик, меҳнатсеварлик, ота-онага ҳурмат, илм олиш, меҳр-оқибат, бағрикенглик мавзуларида суҳбатлар ўтказилди.

Матбуот анжуманида “Вақф” жамоат фондига қилинган хайрияларнинг ошкоралиги, улар яна нималарга йўналтирилиши, тўйлардаги исрофгарчиликларнинг олдини олиш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.