Аҳолини рўйхатга олиш бизга нима беради?
Мамлакатимиз аҳолиси тез ўсаётган давлатлар қаторига киради. Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда республикамизда 34 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Табиийки, бу мамлакатимиз аҳолисининг аниқ ҳисобини юритишни тақозо этади.
Жаҳон тажрибасида деярли барча давлатлар томонидан доимий равишда ўз аҳолисини рўйхатга олиш ишлари олиб борилган. Шундан келиб чиқиб, ўтган даврда мамлакатимизда ушбу ишларни амалга оширишда биринчи навбатда ҳуқуқий пойдевор яратилди.
Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 5 февралда “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони, 2020 йил 16 мартда “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Коронавирус пандемияси туфайли Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мазкур тадбир 2023 йилга ўтказилди.
Хўш, аҳолини рўйхатга олиш нима учун керак ва у бизга нима беради?
Мустақиллик йилларида республимизда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Бу эса аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар аҳолининг жорий ҳисобига оид мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда. Шундан келиб чиқиб, БМТнинг 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастурини қўллаб-қувватлаши эътиборга олинди. Шунингдек, аҳоли сонининг ҳисоби, ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш мақсадида мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланди.
Шунингдек, республикамизда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси қабул қилинди. Уни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар ва уларнинг намунавий таркиби тасдиқланди.
Юқорида таъкидланганидек, мазкур тадбир аҳолининг ёши, жинси, ижтимоий ҳолати, демографик жойлашуви, бандлик даражаси, иқтисодий ҳолати ва бошқа кўплаб саволларга аниқлик киритилади.
Жасур Хушназаров, Ургут туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси.