Ажрашиб кетган келин бобо ва бувининг набираси билан кўришишига қаршилик қилолмайди

Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судида никоҳдан ажрашган келин фарзандини бобо ва бувиси билан кўриштирмаётганлиги ҳолати кўриб чиқилди.

Аслида Ж.Алиев ва Х.Алиевалар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2014 йил 27 декабрда қонуний никохдан ўтиб турмуш қурган. Биргаликдаги турмушларидан ўғил фарзандли бўлишган.

Бироқ суднинг 2018 йил 21 июндаги ҳал қилув қарорига асосан никоҳ бекор қилинган. Шундан буён вояга етмаган Шавкатжон Х.Алиеванинг қарамоғида тарбияланиб келган.

Дилшод бобо ҳамда Фарида она Шавкатжоннинг бобо ва бувиси сифатида амалдаги қонун талабларига кўра, набираси билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқлари бузилганлиги сабабли улар судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Амалдаги тартибга кўра, ота-она (улардан бири) яқин қариндошларнинг бола билан кўришишига имконият бермасалар, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бирини) бундай имконият беришга мажбур қилиши мумкин. Агар ота-она (улардан бири) васийлик ва ҳомийлик органининг қарорини бажармаса, боланинг яқин қариндошлари ёки васийлик ва ҳомийлик органи бола билан кўришиб туришга тўсқинлик қилувчи ҳолларни бартараф қилиш ҳақида судга мурожаат қилишга ҳақли.

Суд боланинг манфаатлари ва фикрини ҳисобга олган ҳолда низони ҳал қилади.

Мазкур қонун талабига асосан фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро суди Дилшод бобо ва Фарида онага набираси Шавкатжон билан кўришиб туриш вақтини белгилаб берди. Ўз навбатида, ҳал қилув қарори билан Х.Алиевага бобо ва бувининг набираси билан кўришишига қаршилик қилмаслик мажбурияти юклатилган.

Шунингдек, Х.Алиевага суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаган тақдирда, унга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланилиши тушунтирилган.

Камолжон ИБРАГИМОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судья катта ёрдамчиси.