Александр Лукашенко мамлакат террор таҳдидига дуч келганини таъкидлади

Sputnik Беларусь нашри тақдим этган маълумотга кўра, мамлакат етакчиси бу ҳақда олтинчи Умумбеларусь халқ йиғилишига тайёргарлик кўриш учун ўтказилган мажлисда таъкидлаган.

“Хўш, темир йўлга чиқиб, рельсларни тўсиб қўйишларни қандай баҳолаш мумкин. Бу темир йўллардаги жиддий ҳалокатларга, фожиаларга ва инсонлар ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Бу терроризм аломатлари бўлган уюшган жиноий гуруҳлар фаолияти. Биз террористик таҳдидларга дуч кела бошладик”, деб алоҳида таъкидлади Беларусь етакчиси.

Шу билан бирга, Александр Лукашенко рухсат берилмаган норозилик намойишларида иштирок этган олий ўқув юртлари талабаларини ўқишдан четлатишга чақирди. Бу ҳақдаги видеолавҳа “Пул Первого” телеграм каналида чоп этилди.

“Талабалар ўқиш учун келишган – ўқишсин, ким хоҳласа, ўша ўқисин. Ким қонунни бузишга, рухсат берилмаган намойишга чиққан бўлса, у талаба бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Илтимос, уларни мен айтганимдек, бирини ҳарбий хизматга, бошқасини кўчага жўнатинг. Майли, кўчада юришсин. Аммо улар ОТМдан четлатилиши шарт”, деди Лукашенко.