Америкадаги ургутлик олим
Кенгашнинг асосий мақсади 2035 йилгача Ўзбекистонда тараққиёт моделини яратишдан иборат. Модель халқаро илғор тажрибалар асосида қурилади. Бунда мамлакат бозори объектив таҳлил этилади. Мамлакатдан чиққан жаҳон етакчи мутахассисларининг шахсий тажрибалари ўрганилади.
Яқинда Шароф Тўғизов Ўзбекистонга келди. "Ўзбекистон – 24" телеканали ватандошимиздан интервью олди. Биз Шароф Тўғизов фаолияти билан илгаридан таниш бўлганлигимиз боис ушбу суҳбатни кенгроқ ва тўлдирган ҳолда беришга қарор қилдик.
– Мен она Ватаним Ўзбекистондан ҳеч қачон кўнглимни узган эмасман. Бир оёғим доим шу маконда. Бир қатор олий ўқув юртларида, илмий-тадқиқот институтларида маърузалар ўқиганман. Бугунги кунда ана шу фаолиятимни янада кенгайтирмоқчиман. Бунга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Америка Қўшма Штатларига қилган ташрифи сабаб бўлди. Президент АҚШда истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан учрашди. Бу учрашув бизга катта хурсандчилик бағишлади. Фикр, мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Жумладан, мен бу тарихий учрашувни ўзим учун шараф деб билдим, бундай эътирофдан бошим осмонга етди. Негаки, шу пайтгача ҳали бизни ҳеч ким йўқламаган эди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳақида, тараққиёт йўли хусусида гапирар экан, "Мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган чет элдаги барча юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман, мен уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман", дегани менга юрт соғинчини яна бир бор ато этганини ҳис қилдим.
Қувончларимни ўз сўзимда билдириб, таклифни қўллаб-қувватладим. Сабаби айни пайтда АҚШда юз мингдан зиёд ватандошларимиз истиқомат қилмоқда. Кўплаб иқтидорли ёшлар, илм-фан фидойилари бор. Уларнинг салоҳияти, кучини бирлаштирадиган вақт келди. Президент фикрларимни маъқуллади.
Орадан олти ой ўтгач, "Буюк келажак" кенгаши тузилди. Бу кенгаш биз орзу қилган ғоялар, ниятлар, қарашларни ўзида мужассам этадиган кўнглимдаги уюшма бўлди. Ўтган қисқа вақт мобайнида икки юз нафарга яқин талантли ёшлар Президент даъвати ҳамда сўзларидан руҳланиб, Ўзбекистон билан алоқа ўрнатишга киришди.
Мен бу ерга келиб, жуда катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдим. Буни Тошкент халқаро аэропортига тушганимдаёқ ҳис қилдим. Ватандошлар учун ҳам, хорижий сайёҳлар учун ҳам катта қулайликлар яратилибди. Одамларнинг руҳиятида ўзгариш ва мамнунликни кўрдим. Гоҳида менга "Сиз йигирма йил АҚШда яшагансиз, бироқ ўзбек тилида равон гапирасиз", деб сўрашади.
Ахир она тилини унутиб бўладими? Бу менга сут билан кирган. Мадина деган қизим бор. Ҳозир у Оксфорд университетини битирди. Касби врач. У билан ҳамиша ўзбекча гаплашамиз. Насиб бўлса, у ҳам ота юртига келади. Кейин оиламиз билан доимо ўзбек тилидаги адабиётларни ўқиб, куй-қўшиқларни тинглаймиз. Мен АҚШга борган пайтларимда жуда қийин эди. Интернет йўқ, телефон орқали мулоқот қилардик, холос. Энди-чи? Энди техника тараққиёти жадал ривожланмоқда, йўллар очилди. Ватандошларимиз истаган вақтда юртига, ота-онаси олдига бемалол келиб-кетадиган бўлди.
Мен 1959 йилда Ургутнинг Санчиқул қишлоғида туғилганман. Қишлоғимиз шундоққина тоғ ёнбағрида жойлашган эди. Ўркач-ўркач фусункор бу тоғ уйимиз устида осилиб тургандек эди. Жуда ажойиб. Биласизми, тонг пайтидаги тоғ манзараси тушимга кириб туради. Ватанимни кўргандек бўламан. Албатта, ҳар бир нарса туғилиб ўсган макон билан боғлиқ. Отам Мавлон Тўғизов халқ хизматчиси эди. Фарзандларини ўқитишни истарди, доимо бизни қўллаб-қувватлаб турган. Океан ортига бориб ишлашда ҳам. Падари бузрукворим ва собиқ устозларимдан доимо миннатдорман.
Мен қаерда бўлмайин Ургутнинг, жонажон Ўзбекистоннинг фарзандиман. Шу боис дарсларим олдидан тингловчиларимга юртим, қишлоқларим, Самарқанд, Тошкент, Бухоро ҳақида сўзлаб бераман. Мен шундай гўзал жойлардан келганлигимни уларнинг шуурларига муҳрлашга ҳаракат қиламан. Улар эса: "Домла биз айтганларингизни интернетда кўрдик. Ажойиб шаҳарлар экан", дейишади. Бундан фахрланаман.
Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонимиз бой маданий меросга эга диёр. Фан, маданият ривож топмоқда. Дунё тан олган, жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган улуғ алломаларимиз, буюк саркардаларимиз, салафларимиз бор. Ҳозирги кунда Ватанимизга дунёда қизиқиш катта. Буни кундалик ҳаётимизда кўриб, ҳис этиб турибмиз. Шахсан ўзим илгари телевизор орқали "СНН" телеканалини кўрар эдим. Ҳозир ўзимизнинг каналларимизни кўряпман. Бу каналлар эфирга узатилганидан буён гўё менга олис масофа қисқаргандек бўлди. Ўзимни Ўзбекистондагидек сезаман.
Америкадаги таълим соҳаси, унда фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар ҳақида савол беришади. Булар ҳақида билганларимни айтаман. Ўқитувчи ҳамма жойда қадрланади. Ўқитувчисиз келажак бўлмайди. Шунинг учун улар ҳамиша ҳурматга лойиқдирлар. Бироқ у ердаги мактаблар биздагидек битта стандарт тизимда фаолият кўрсатмайди. Ҳар бир мактаб мустақил, ўзининг дастурига эга. Мактабларда билимли, иқтидорли ўқувчиларга катта эътибор қаратилади. Грантлар ажратилади. Кейин кучли ўқувчилар шу асосида университетларга қабул қилинади. У ерда ҳам грантлар асосида билимдонлар танланади. Аспирантурага кириш ҳам грант асосида бўлади. Шу тизим Ўзбекистонда ҳам амалга оширилаётганидан қувондим. Фан учун билимли, иқтидорли кишилар керак. Бундай салоҳиятли кишилардан катта ютуқлар кутиш мумкин.
Албатта, бунинг учун шарт-шароит яратилган бўлмоғи лозим. Масалан, Хитойда, Америкада яшаб, фаолият кўрсатаётган олимлар учун юз минг соат дарс белгиланади. Бу миқдор ахборот манбаси ҳисобланади.
Ўзбекистонда ҳам бу борада дастлабки қадамлар ташланаётганини кўряпмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бекорга биз, ватандош олимлар ва зиёлилар билан учрашган эмас. Мақсад уларнинг илм-фандаги салоҳиятидан кенг фойдаланиш назарда тутилган. Айни пайтда дунё бўйича яна қанчадан-қанча олимлар, фан фидойилари тарқалиб кетган. Бу тақдир экан. Ватандошларни чорлаб, уларнинг фаолият кўрсатишлари учун шарт-шароит яратилаётганлиги бизни қувонтирмоқда. Масалага бошқа томондан ёндашадиган бўлсак, узоқда юрган олимлар, зиёли кишилар орқали Ўзбекистоннинг бой маданияти, адабиёти, санъати, умуман, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган давлат сифатида қўлга киритилаётган ютуқлари жаҳонга тарқалмоқда. Келажакда бундан-да, биздан-да юқори салоҳиятга эга йигит-қизларимиз Ватанимиз шарафини дунёга ёйишига ишончим комил.
Бунинг учун ёшларни мактабда пайтидаёқ мустақил фикр юритишга тайёрлаб бориш, фан-технологияни ўргатиш зарур. Ҳаммаси мактабдан бошланади. Олий ўқув юртларида ҳам шундай. Бу борада Ўзбекистонда дадил ҳаракатлар, тизимлар шаклланаётганлигидан, ёшлар аллақачон чет элларда иқтидорларини намойиш этаётганидан, мамлакатда олиб борилаётган сиёсатдан кўнгилларимиз таскин топмоқда.
Хуллас, қаерда бўлмайлик, Ватанимизга хизмат қилишимиз керак. Мен ҳозир Ўзбекистонда биотехнология бўйича марказ ташкил этиш бўйича лойиҳа тайёрлаганман. Ниятим уни амалга ошириш.
Адҳам ҲАЙИТОВ ёзиб олди.