Америкадан хат келди
Ассалому алайкум, “Зарафшон” газетаси ва Zarnews.uz сайти ижодий жамоаси. Жорий йилни ўзгача кўтаринкилик билан қарши олдим. Сабаби Янги йил байрами арафасида хорижий давлатларнинг 13 та олий таълим муассасасига муддатидан олдин ўқишга қабул қилинганлигим ҳақидаги хушхабарларни эшитгандим.
Бу ҳақда сиз фаолият олиб бораётган газетада мақола чоп этилди, сайтда видеолавҳа жойлаштирилди.
Ўша пайтда берган интервьюда АҚШдаги Wooster университетининг грантини ютиб олганим ҳақида гапиргандим. Шунингдек, мени талабаликка қабул қиладиган олий ўқув юртлари сони 20 дан ортиши мумкинлигини айтгандим. Мақсадимга эришдим ҳам. Дунёнинг 22 та нуфузли олий таълим муассасасига ўқишга кириш имкониятига эга бўлдим. Ўзимга маъқулини танладим.
Бу, албатта, мамлакатимизда ёшлар учун яратилган қулайликлар самарасидир. Бугунги кунда Америкадаман, ўзим орзу қилган Wooster университетида таҳсил оляпман.
Мана яқинда таълим муассасамизда 2022-2023 ўқув йили бошланди. Университетда 68 давлатдан ва Американинг 48 штатидан талабалар келиб ўқийди. Дарс жараёнлари қизиқарли ва ўзига яраша қийин. Ўзбекистонда мактабда, Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филали қошидаги академик лицейда, шунингдек, қўшимча тўгаракларда олган билимларим бу қийинчиликларни енгиб ўтишда қўл келяпти. Бу ерда ҳам бўш вақтимни тил ўрганишга, билимимни бойитиб боришга сарфлаяпман. Дарсдан кейин университет кутубхонасида турли миллат вакиллари билан бирга ўтилаётган мавзулар доирасида суҳбатлашамиз, фикр алмашамиз. Уларга Ўзбекистонда, хусусан, Самарқанддаги ўзгаришлар, билим олишга интилаётган ёшлар ва улар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида гапириб бераман. Аксарияти, сўзларимга ҳайрат билан қулоқ тутиб, Самарқандга боришга қизиқиб қолганини айтади.
Ўқувчилик давримда юртимиздаги тарихий обидалар ҳақида инглиз тилида мақолалар ёзиб, ижтимоий тармоқларга жойлаб борардим. Бу ишни Америкада ҳам давом эттиряпман. Яқинда Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги мақолам Озарбайжон газетасида чоп этилди.
Хорижда ўқиш болалигимдаги орзуим эди. Бу орзунинг рўёбга чиқиши учун аввало, бобомнинг, шунингдек, ота-онамнинг, устозларимнинг ҳиссаси катта.
Эндиги мақсадим университетни аъло баҳолар билан тамомлаб, болаликдаги орзуим амалга ошиши учун имкониятлар яратиб берган Ўзбекистонимиз тарақиётига ҳисса қўшиш.
Адҳамжон Жанобиддинов.