Жамият тараққиётининг асосий устуни — қонун устуворлиги

“Agrobank” АТБ Самарқанд вилояти филиалида шу мавзуда учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Самарқанд шаҳар иқтисодий суди судьяси Б.Тожибаев банк ходимлари билан мулоқотда бўлиб, Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг аҳамияти, мурожаатларни тезкор ва очиқ тарзда кўриб чиқиш орқали фуқаролар ишончини мустаҳкамлаш зарурати ҳақида фикрлар билдирди. Суд тизимини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва судьяларнинг малакасини замон талабларига мос равишда ошириш йўналишларидаги муҳим ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

“Рақамли суд” концепцияси, “Одил судлов академияси”нинг фаолияти ва суд жараёнларини электрон тизимга ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.
Учрашувда банк ходимлари ва тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга ҳуқуқий жиҳатдан жавоблар олди.

Йиғилиш якунида суд тизими ва фуқаролик жамияти ўртасидаги очиқ мулоқотни янада кенгайтириш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича бу каби учрашувларни изчил давом эттиришга келишиб олинди.